Ўзбекистоннинг АҚШ, Финляндия билан ҳамкорлиги янада ривожлантирилади
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев АҚШнинг Миссисипи штати Миллий гвардияси қўмондони, генерал-майор Бобби Жинн билан учрашди.
Унда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик, шунингдек, Миссисипи штати билан амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
2012 йилдан буён Ўзбекистон ва Миссисипи Миллий гвардияси ўртасида амалга оширилаётган ҳамкорлик дастурига алоҳида эътибор қаратилди. Мутахассислар алмашинуви, қўшма машғулотлар ва фавқулодда вазиятларга тайёргарлик бўйича тадбирлар ўтказиб келинаётгани қайд этилди.
Учрашувда бундай ҳамкорликни фавқулодда вазиятларга жавоб қайтариш, қидирув-қутқарув ишлари, муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш ва мутахассисларни тайёрлаш йўналишларида кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.
***

Финляндия парламентининг Ўзбекистон билан ҳамкорлик гуруҳи раиси Вилле Скиннари билан онлайн шаклда мулоқотда муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, хусусан, парламентлараро ҳамкорликни янада фаоллаштириш ҳамда олий даражада эришилган келишувларнинг ижросига парламентлар кўмаклашиши масалалари кўриб чиқилди.
Парламентлараро алоқаларга тизимли тус бериш мақсадида 2026 - 2027 йилларга мўлжалланган қўшма ҳамкорлик режасини ишлаб чиқиш, парламент делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, қўмиталар ва ҳамкорлик гуруҳлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш, шунингдек, парламент назорати соҳасида тажриба алмашиш таклиф этилди.
Икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш учун мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди. Хусусан, минерал хомашёни чуқур қайта ишлаш, энергия самарадорлигини ошириш, саноатни рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.
Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий аҳамиятга эга қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, таълим, касбий тайёргарлик ва илғор тажриба алмашиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА