Ўзбекистоннинг 35 йиллик тараққиёт йўлига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтмоқда
Айни пайтда пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Мустақил Ўзбекистон — 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.
Анжуман Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг ташаббуси билан Адлия вазирлиги, Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти ҳамда Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек Беларусь, Грузия, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Қирғизистон парламентлари аъзолари, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, экспертлар ҳамжамияти ҳамда илмий доиралар вакиллари иштирок этмоқда.

Конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов маъруза қилиб, ҳозирда миллий истиқлолимизнинг 35 йиллигини “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғоя асосида нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилаётганини, кейинги йилларда Президентимиз томонидан узоқни кўзлаб олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда барча соҳа ва йўналишларда барқарор ўсишга эришилаётганини қайд этди.

Жумладан, иқтисодиётимиз ҳажми 50 миллиард доллардан 147 миллиард долларга ошгани, мамлакатимиз ўрта даромадли давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллагани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Спикер парламентлараро ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётгани, мамлакатимизнинг узоқ ва яқин қўшни давлатлар билан дипломатик алоқалари мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида эътироф этди.
Халқаро конференция ўз ишини давом эттирмоқда.
Муҳтарама Комилова,
Носир Ҳайдаров (сурат),
ЎзА