Ўзбекистонлик устозлар иштирокида Гонгконгда сунъий интеллект бўйича халқаро таълим дастури бошланди
Дастур Гонгконг Фан ва технологиялар университетининг Гуанчжоу кампусида ташкил этилмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизматига кўра, дастур давомида ўқитувчилар сунъий интеллект соҳасидаги энг сўнгги ёндашувлар, замонавий ўқитиш методлари ва амалий технологиялар билан танишиб, университет профессорлари ва мутахассислари билан тажриба алмашади.

“Day of AI” лойиҳаси доирасида республика бўйлаб 1 400 нафар информатика фани ўқитувчиси сунъий интеллект йўналишида малака оширди. Улар орасидан энг юқори натижаларни кўрсатган 50 нафар ўқитувчи ушбу халқаро дастурда иштирок этиш учун саралаб олинди.

Маълумот учун айтиш керакки, Гонгконг Фан ва технологиялар университети – дунёнинг етакчи университетларидан бири бўлиб, QS World University Rankings 2027-рейтингида 33-ўринни эгаллаган.
Н.Усмонова, ЎзА