Ўзбекистонлик спортчиларнинг VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларидаги медаллари сони 13 тага етди
Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида давом этаётган VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг ортда қолган учинчи кунги мусобақаларида Ўзбекистон спортчилари 8 та медалга эга чиқди.
Кечаги кунги ўйинларда 90 дан ортиқ мамлакатнинг маҳоратли этноспортчилари кўк бўри, от устида кураш, кўкпар, самбо, қирғиз кураши, камондан отиш, от устида камондан отиш, армрестлинг, арқон тортиш ва баҳодирлар ўйинлари йўналишларидаги мусобақаларда совринли ўринлар учун кураш олиб боришди.
Кун давомида кечган муросасиз баҳсларда Ўзбекистон спортчилари юқори маҳорат кўрсатиб, 4 та кумуш ва 4 та бронза, жами 8 та медалга сазовор бўлди.

Хусусан, қирғиз кураши беллашувларида белбоғли кураш бўйича миллий терма жамоамиз аъзолари Жамолиддин Неъматуллаев (60 кг) ва Ҳусанбой Абдулҳакимов (84 кг) кумуш, Сарвар Икромов (+100 кг) эса бронза медални қўлга киритди.

Шунингдек, от устида кураш мусобақасида ўз иқтидорини намойиш этган ҳамюртларимиз Саидафзалхон Неъматуллаев ва Азизбек Зокиржонов бронза, армрестлингда Фирдавс Ғофуров кумуш ва бронза, самбочимиз Зуфарбек Уралов +98 кг. вазнда кумуш медалга эгалик қилди.

VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг тўртинчи куни остонасида Ўзбекистон спорт делегациясининг умумий медаллари сони 13 тага етди. Шундан 1 та олтин, 4 та кумуш ва 8 та бронза медали.

4 сентябрь кунги мусобақаларда VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари иштирокчилари 21 та йўналишдаги баҳсларда ўз омадини синовдан ўтказади.
Т.Рўзиев,
ЎзА