Ўзбекистонлик операчиларга қизиқиш ортмоқда
Италиянинг машҳур “Ла Скала” опера ва балет театрида 2025-2027-йиллар давомида фаолият юритиш ҳамда Европанинг машҳур театрларида тажриба алмашиш юзасидан ўзбекистонлик таниқли опера хонандаси Aқлбек Пиязов билан шартнома имзоланди.
Бу жараён ўзбекистонлик опера хонандалари ўртасида илк маротаба кузатилаётгани қувонарли.
– Ҳар 2 йилда бир маротаба Миланнинг “Ла Скала” театри дунёдаги истеъдодларни саралайди ва 2 йиллик шартнома асосида ишга қабул қилади, – деди таниқли опера хонандаси Aқлбек Пиязов. – Ушбу танловда қатнашиш учун 6 йил тайёргарлик кўрдим. Ҳозир жуда ҳаяжондаман. Негаки, “Ла Скала” театрида маҳорат чархлаш барча опера хонандаларининг орзуси.
Маданият вазирлиги маълумотига кўра, саралаш жараёнида бутун дунёдан 800 нафар опера хонандалари ҳужжат топширган бўлиб, сўнгги саралаш босқичида Ўзбекистон, Латвия, Қозоғистон, Италия, Жанубий Корея, Япония, Чили, Хитой давлатларидан жами 12 нафар опера хонандалари танлаб олинди. Ўзбекистон вакили сифатида таниқли опера хонандаси Aқлбек Пиязов ҳам ушбу саралаш босқичидан ўтди ва у билан 2 йиллик шартнома тузилди.
– Қувонарлиси шуки, энди ўзбекистонлик операчиларга қизиқиш ортади, юртимизнинг истеъдодлари билан ишлаш учун шартнома тузишга бўлган талаб ва таклифлар бўлади, – деди Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов. – Ўзбекистон опера санъати жаҳон аренасида тобора кўпроқ янграй бошлайди. Тасаввур қилишингиз учун сизга мисол келтираман, бизнинг машҳур футболчиларимиз Элдор Шомуродов ва Aбдуқодир Ҳусановларни дунёдаги энг рейтинги юқори клублар ишга таклиф қилиб, маълум муддатга шартнома қилишган. Aқлбек Пиязов билан ҳам худди шундай шартнома тузилган, фақат бу спорт йўналишида эмас, балки санъат йўналишида. Бу жуда катта натижа, ҳатто мен ҳам Миланнинг “Ла Скала” опера ва балет театрида малака оширишни орзу қилганман.
Айтиш керакки, “Ла Скала” – Миландаги опера театри, жаҳон опера санъатининг йирик марказларидан бири. Биноси “Санта Мария делла Скала” черкови ўрнида 1776-1778 йиллари қурилган.
Репертуарининг асосини итальян композиторларининг опералари ташкил этади.
Н.Усмонова,
ЎзА