Ўзбекистонлик олималар Бокуда маъруза қилди
Озарбайжон ва Ўзбекистон — тили, анъана ва урф-одатлари жиҳатидан бир-бирига жуда яқин давлатлар. Бугунги кунда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, ўзаро дўстлиги туфайли сиёсий, иқтисодий, фан, таълим, маданият соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятлари чуқурлашиб, мамлакатларимиз ўртасида тобора кўпроқ қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Ҳозирги замонавий босқичда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда дин, тил, маданият ва анъаналарнинг тарихий муштараклиги муҳим ўрин тутади. Маълумки, атоқли ўзбек ва озар мумтоз адабиётининг етук намояндалари – Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Низомий Ганжавий, Носириддин Тусий, Муҳаммад Фузулий ва бошқа бир қатор алломаларнинг ижоди нафақат туркий тилли халқлар, балки бутун инсоният мулки ҳисобланади. Улар қолдирган буюк меросни халқларимиз юксак қадрлайди.
Боку шаҳрида Алишер Навоий, Тошкент шаҳрида эса Низомий Ганжавий ва Ҳайдар Алиев ҳайкаллари ўрнатилган. Ўзбекистон давлат педагогика университети Низомий Ганжавий номи билан аталади, Озарбайжонда эса Алишер Навоий номидаги қишлоқ бор. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2023 йилда Фузулий шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги 960 ўринга мўлжалланган замонавий мактаб барпо этилгани мустаҳкам дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг яна бир белгиси бўлди.
[gallery-23578]
Бугун Ўзбекистон тараққиётнинг янги даврига қадам қўйди. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлиши бу борада муҳим аҳамият касб этди. Ўзаро ҳамкорлик йўлидаги бу қутлуғ қадам бугун амалий самарасини бермоқда. Буни Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги маданий-адабий ҳамкорлик алоқалари ривожланаётгани, жумладан, олий таълим муассасалари профессор ўқитувчиларининг ўзаро тажриба алмашаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Озарбайжон Республикасининг Боку давлат университети таклифига биноан ўзбекистонлик олималар жорий йилнинг 19- 25 май кунлари мазкур давлатга хизмат сафарида бўлди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети Филология факультети “Ўзбек адабиёти тарихи ва матншунослик” кафедраси доценти, филология фанлари доктори Гулбаҳор Ашурова ва Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети Педагогика ва психология факультети “Умумий педагогика” кафедраси катта ўқитувчиси, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Дилором Адилова озарбайжонлик талабаларга маъруза ўқиди.
Инвестиция жалб этиш ва мобил алмашинуви дастури доирасида ташкил этилган хизмат сафари давомида Гулбаҳор Ашурова Баку давлат университетининг талабаларига “Ўзбек – Озарбайжон адабий алоқалари: Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий”, “Ўзбек – Озарбайжон адабий алоқалари: Алишер Навоий ва Муҳаммад Фузулий”, “Мустақиллик даври Ўзбек – Озарбайжон адабий алоқалари: Академик Шуҳрат Сирожиддиновнинг “Амир Алишер” китобининг озарбайжон тилидаги нашри” асарининг жаҳоний ўрни ҳамда аҳамияти, дунё тамаддунида тутган ўрни” мавзуларида маъруза ўқиди.
Дилором Адилова “Маънавий-ахлоқий тарбия: халқаро тажриба ва инновацион ёндашувлар”, “Амир Темурнинг фан, маданият ва маърифат ривожига қўшган ҳиссаси, Темур тузуклари” асарининг жаҳоний ўрни ҳамда тарбиявий аҳамияти” ҳамда “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодининг дунё тамаддунида тутган ўрни, Бобур асарларида ватанпарварлик масалалари” мавзусида маъруза қилди. Боку давлат университети талабалари ва профессор ўқитувчилари ушбу маърузаларни катта қизиқиш билан тинглашди. Машғулотлар педагогик технологиялар асосида савол-жавоблар, баҳс мунозараларга бой бўлди.
Ташриф доирасида ўзбекистонлик олималар Баку давлат университетидаги ҳамкасблари билан тажриба алмашди. Ўзбекистон университетларига хорижий талабаларни жалб қилиш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.
Баку шаҳрида 21 май куни Озарбайжон ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, шоира Хураман Муродованинг “Ватан ишқи – Турон севгиси” деб номланган китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафхонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид ва бир қатор хорижий мамлакатларнинг элчилари ва диаспораси аъзолари, Озарбайжон Ёзувчилари уюшмаси аъзолари иштирок этган тадбирда ўзбекистонлик олималар ҳам сўзга чиқди.
Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг қардошлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани, халқларимиз фаровонлиги йўлида икки мамлакат ҳамкорлигини мустаҳкамлаш муҳим босқич бўлиб қолиши таъкидланди. Тадбир доирасида ўтказилган китобхонлик тарғиботи ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Таниқли профессор-ўқитувчилар, олим ва шоирлар томонидан икки қадим |халқни маърифат, адабиёт, санъат ва қалб йўллари ҳамиша бирлаштириб туриши эътироф этилди.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети номидан Низомий Ганжавий номидаги Озарбайжон миллий адабиёт музейига эсдалик совғалари ва китоблар жамламаси топширилди.
Озарбайжон Илмлар Академияси Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти ҳузуридаги “Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжон” бўлимига ташриф ҳам самарали бўлди. Унда бўлим раҳбари профессор Алмаз Улви томонидан нашр этилган икки халқнинг буюк фарзанди Мақсуд Шайхзоданинг «Газал мулкининг султони» номли китобининг тақдимоти бўлди. Мазкур китобни ўзбек тилидан озарбайжон тилига Алмаз хоним таржима қилган.
Ўзбек олималарининг Боку сафари икки халқ маънавий қадриятларини юксалтириш йўлидаги ўзига хос қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди. Ташриф доирасида ўзаро тажриба алмашиш, олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзолаш юзасидан фикр алмашилди.
ЎзА