Ўзбекистонлик Дилшод Нарзиллаев халқаро мусиқачилар танловининг расмий лауреати сифатида эътироф этилди
Брюссель шаҳрида дунёнинг энг нуфузли мусиқий танловларидан бири саналган "Queen Elisabeth Competition" халқаро виолончелчилар танлови бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ахборот хизматига кўра, танловда иштирок этиш учун турли мамлакатлардан жами 185 нафар ёш виолончел ижрочиси ариза топширган. Саралаш босқичи натижаларига кўра, уларнинг 64 нафари танловнинг биринчи босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Кейинги босқичларда рақобат янада кучайиб, иккинчи турга 24 нафар иштирокчи саралаб олинди. Финал босқичига эса энг юқори натижа кўрсатган 12 нафар виолончель ижрочиси йўл олди.
Қувонарлиси, мазкур нуфузли танловда Россия, Германия, Франция, Жанубий Корея, Канада, АҚШ, Италия, Испания ва Япония каби мамлакатлардан ташриф буюрган кучли иштирокчилар билан бир қаторда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган истеъдодли мусиқачи, Тошкент шаҳридаги Р.М.Глиер номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабининг собиқ ўқувчиси Дилшод Нарзиллаев ҳам финалчилар сафидан ўрин олди ҳамда "Queen Elisabeth Competition" халқаро виолончелчилар танловининг расмий совриндори сифатида эътироф этилди.
Бу эътироф Ўзбекистоннинг бой мусиқий анъаналари ва истеъдодли ёшлари жаҳон саҳналарида муносиб ўрин эгаллаётганининг яна бир амалий тасдиғидир.
Танловнинг финал босқичи давомида у ўзининг юксак ижрочилик маҳорати, чуқур мусиқий тафаккури ва профессионал тайёргарлиги билан жаҳоннинг энг кучли ёш виолончель ижрочилари қаторида муносиб ўрин эгаллади.
Финал босқичи жуда юқори рақобат билан ўтди. Унда Д.Нарзиллаев Дмитрий Шостаковичнинг Виолончель ва оркестр учун 1-концертини Бельгия Миллий оркестри жўрлигида, дирижёр Антони Ҳермус бошчилигида маҳорат билан ижро этди. Унинг чиқиши ҳакамлар ҳайъати ва мусиқа ихлосмандлари томонидан юқори баҳоланди.
Шунингдек, у финал босқичи учун махсус буюртма асосида яратилган Four Odes to the Tidings of Flowers асарининг жаҳон премьерасини ҳам тақдим этди. Ушбу мураккаб ва замонавий асар Фанг Ман томонидан махсус ушбу танлов финали учун яратилган бўлиб, ижрочидан юқори техника ва мусиқий етукликни талаб қилди. Ярим финал босқичида эса Дилшод Нарзиллаев ўзининг кенг репертуари ва ижодий етуклигини намойиш этди. У Иоганнес Брамснинг 1-виолончел сонатаси, Дьёрдь Лигетининг виолончел учун яккахон сонатаси ҳамда Леопольд Ҳофманннинг Ре мажор камера концертини Royal Chamber orchestra of Wallonia оркестри жўрлигида ижро этиб, финалга олиб чиққан йўлида барқарор ва кучли ижро мактабини намоён қилди.
Дилшод Нарзиллаев — халқаро майдонда тан олинган ўзбекистонлик виолончель ижрочиси, кўплаб нуфузли халқаро танловлар лауреати ва мамлакатимиз мусиқа санъатининг ёрқин намояндаларидан бири. У мусиқий таълимни Тошкент шаҳридаги Глиер номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабида Жаҳонгир Ибрагимов синфида бошлаган. Кейинчалик АҚШдаги Park University қошидаги International Center for Music муассасасида таҳсил олиб, бакалавр даражасини қўлга киритди. 2020-2022 йилларда Бостон шаҳридаги консерваторияда магистратура босқичида Лауренcе Лессер устозлигида таҳсил олди ва мазкур таълим муассасасининг Graduate Diploma дастурини ҳам муваффақиятли тамомлади. Айни пайтда ўзбекистонлик ёш мусиқачи Бельгиядаги Queen Elisabeth Music Chapel мусиқа марказида машҳур виолончель устаси Гарри Хоффман раҳбарлигида фаолият олиб бормоқда.
Ўзбек йигити Дилшод Нарзиллаевнинг ушбу нуфузли халқаро танловда ғолиб бўлиши Янги Ўзбекистон учун муҳим натижа саналади.
Н.Усмонова, ЎзА