Ўзбекистонга мол гўшти импорти камайди
Ўзбекистонда сўнгги ойларда гўшт импорти ҳажми изчил равишда камайиб бормоқда. Шу билан бирга, ички бозорда гўшт маҳсулотлари нархининг ўсиши аҳоли харажатларига таъсир кўрсатмоқда. Мутахассислар бу ҳолатни ташқи бозордаги нархлар ўзгариши, логистика харажатлари ҳамда ички талабнинг юқорилиги билан изоҳламоқда.
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил апрель ойида Ўзбекистонга умумий қиймати 57 миллион долларлик 11,2 минг тонна мол гўшти импорт қилинган. Бу кўрсаткич март ойига нисбатан сезиларли даражада камайган.
Таққослаш учун, март ойида мамлакатга 61 миллион долларлик 12,7 минг тонна, февраль ойида эса 67,4 миллион долларлик 14,4 минг тонна мол гўшти олиб кирилган. Шу тариқа, импорт ҳажми мартда 1,7 минг тоннага, апрель ойида эса яна 1,5 минг тоннага қисқаргани кузатилди.
Қўй ва товуқ гўшти импортида ҳам пасайиш қайд этилди. Жумладан, апрель ойида республикага 8,6 миллион долларлик 2,85 минг тонна қўй гўшти импорт қилинган. Март ойида бу кўрсаткич 3,1 минг тоннани ташкил этган бўлиб, умумий қиймати 9,66 миллион долларга тенг бўлган
Товуқ гўшти импорти ҳам қисқариш тенденциясини намоён этмоқда. Апрель ойида хориждан 6,3 миллион долларлик 5 минг тоннадан ортиқ товуқ гўшти сотиб олинган. Март ойида эса 7 миллион долларлик 6,4 минг тонна товуқ гўшти импорт қилинган эди.
Шу билан бирга, ички бозорда гўшт маҳсулотлари нархи ўсишда давом этмоқда. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, апрель ойида суякли мол гўшти нархи бир ой ичида 3,2 фоизга ошган. Йиллик ҳисобда эса ўсиш 16,6 фоизни ташкил этган.
Суяксиз мол гўшти нархи ҳам ойлик ҳисобда 3,2 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 17,3 фоизга қимматлашган. Қўй гўшти нархи апрель ойида 3,7 фоизга ошган бўлса, йиллик ўсиш 20,3 фоизга етган.
Экспертлар фикрича, импорт ҳажмининг қисқариши ички бозорда таклиф ҳажмига таъсир кўрсатиб, нархлар ўсишини тезлаштириши мумкин. Шу боис, бозорда барқарорликни таъминлаш ва аҳоли учун озиқ-овқат маҳсулотлари нархини мақбул даражада ушлаб туриш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА