Ўзбекистонга келган мигрантларга рақамли давлат хизматлари кўрсатилади
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасида чет эл фуқаролари, шунингдек, уларни Ўзбекистон Республикасига таклиф этган ёки қабул қилувчи жисмоний ва юридик шахсларга янада қулайлик яратиш кўзда тутилган.
Яъни, чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан берилиши бўйича давлат хизмати кўрсатилиши назарда тутилмоқда.
— Бугунги кунда барча соҳа ва йўналишларда рақамлаштириш жараёнлари изчил амалга оширилмоқда, — деди ХДП фракцияси аъзоси Анвар Нурматов. — Шу жумладан, хорижий мигрантлар учун Ўзбекистонда меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани ҳам электрон тарзда бериш белгиланмоқда. Шунингдек, лойиҳада чет эл фуқаролари Ўзбекистонда ишлаш учун келганда турган жойи бўйича рўйхатга олиниши ва давлат божи ставкаларини белгилаш масалалари кўзда тутилмоқда. Унга кўра, бир ой давомида давлат божи ундирилмайди. Иккинчи ойдан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баробари миқдорида ошиб бориши кўзда тутилмоқда. Бу давлат божи миқдорларининг турлича қўлланилишининг олдини олишга хизмат қилади.
Йиғилишда қайд этилганидек, Персоналлаштириш маркази Адлия вазирлиги таркибидан Ички ишлар вазирлиги таркибига ўтказилганидан келиб чиқиб, бир қатор қонун ҳужжатларига техник ўзгартиришлар киритилмоқда.
Муҳокамаларда фракция аъзолари томонидан бир қатор таклиф-мулоҳазалар билдирилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА