Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёров ёш ижодкорларга маҳорат дарси ўтди
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёров ёш ижодкорларга эътибори, уларни қўллаб-қувватлашга интилиши, журналистикага эндигина кириб келаётган қаламкашларга йўл-йўриқ кўрсатиши билан алоҳида ажралиб туради. Унинг иштирокидаги маҳорат дарси ҳам ёш журналистлар учун тажриба алмашиш ва янги билимлар олиш имконияти бўлди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров иштирокида «Маҳорат мактаби» машғулоти ташкил этилди.
Учрашув давомида ёш журналистларга мавзу танлаш, таҳлилий мақола ёзиш, таҳририят фаолиятини ташкил этиш ва журналистнинг жамият олдидаги масъулияти ҳақида қимматли тавсиялар берилди.
Салим Дониёров ёшларни ўзлари қизиққан мавзуларда пухта, чуқур таҳлилга асосланган мақолалар ёзишга ундади. Шунингдек, энг яхши материал муаллифига бир стипендия миқдорида қалам ҳақи бериш ташаббусини илгари сурди. Бу таклиф, шубҳасиз, ёш қаламкашларнинг ижодий изланишларига кучли рағбат бўлиши мумкин.
Устоз журналист яна бир муҳим жиҳатга алоҳида тўхталди: журналист фақат муаммони кўтариш билан чекланмаслиги, балки унинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари ва эҳтимолий ечимларини ҳам кўрсата билиши зарур. Зеро, таҳлил ва холислик ҳар қандай сифатли журналистик материалнинг асосидир.
Мулоқот чоғида босма газеталарнинг тарихий аҳамияти, интернет нашрларидаги материалларни узоқ муддат сақлаш билан боғлиқ муаммолар, шунингдек, мансабдор шахслар фаолиятини танқидий ёритиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси маълумотларига кўра, Салим Дониёров 1970 йилда Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида туғилган. 1992 йилда Москва давлат педагогика университетини имтиёзли диплом билан тамомлаган. 2009–2011 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Академияси ҳузуридаги Олий бизнес мактабида таҳсил олган. Филология фанлари бўйича фалсафа доктори.
Меҳнат фаолиятини 2001 йилда «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририятида мухбир сифатида бошлаган. Журналистик фаолияти давомида ижодий салоҳияти билан бир қаторда раҳбарлик қобилиятини ҳам намоён этган. 2007 йилда мазкур газеталар таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари лавозимига тайинланган.
2011 йилдан Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтида лойиҳа раҳбари сифатида фаолият юритган.
2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши билан Президент Девонининг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати бош инспектори лавозимига тайинланган. 2018 йил январь ойида эса Президент Девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати шўъба мудири этиб тайинланган.
2018 йил 23 майда «Правда Востока» газетаси таҳририяти бош муҳаррири бўлган. Кейинчалик, 2020 йил 5 январдаги Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти бош муҳаррири этиб тайинланган.
Салим Дониёров ижодкор журналист сифатида ҳам сермаҳсул фаолият юритади. Унинг турли мавзулардаги мақолалари жамоатчилик эътиборини қозониб келмоқда. 2010 йилда «Олтин қалам» Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиби бўлган. 2020 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган. 2025 йилда эса «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвонига сазовор бўлган.
[gallery-483802]
Устоз журналист иштирокидаги маҳорат дарси самимий мулоқот, фикр алмашув ва амалий тавсияларга бой бўлди. Энг муҳими, бу учрашув ёш қаламкашларга журналистикада изланиш, масъулият ва холислик нақадар муҳим эканини яна бир бор англатди.
Зеро, тажрибали устозларнинг ҳаётий ва касбий сабоқлари ёш авлод учун катта мактабдир. Бундай учрашувлар эса журналистикада авлодлар ўртасидаги ижодий ворисийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Маҳорат дарси қатнашчиларида юртимизнинг “Янги Ўзбекистон”дек энг етакчи ва нуфузли босма медиа тузилмасида ўз истеъдодларини синовдан ўтказишдек иштиёқнинг пайдо бўлгани диққатга сазовор.
Назокат Усмонова,
Ўктам Ҳайитов(фото),
ЎзА мухбирлари