Ўзбекистонда валюта айланмаси миллиардлаб долларга етди
Марказий банкнинг маълум қилишича, 2026 йилнинг январь–апрель ойларида Ўзбекистон ички валюта бозорида хорижий валютага бўлган талаб ва таклиф ҳажми сезиларли даражада ўсди. Бу ҳақда мамлакат молиявий кўрсаткичлари таҳлилида маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, ҳисобот даврида юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасига бўлган жами талаби 20,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 24,3 фоизга юқори бўлди. Ўтган йилнинг шу даврида мазкур рақам 16,4 миллиард долларга тенг эди.
Шундан юридик шахслар томонидан амалга оширилган валюта хариди қарийб 16 миллиард доллар, жисмоний шахслар хариди эса 4,4 миллиард долларга етган.
Шу билан бирга, ички валюта бозорида чет эл валютаси таклифи ҳам ўсиш тенденциясини намоён қилди. Хусусан, юридик ва жисмоний шахсларнинг жами валюта таклифи 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 33,9 фоизга ёки қарийб 4,6 миллиард долларга ошиб, 18 миллиард долларга етди.
2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида аҳоли томонидан тижорат банкларига 8,2 миллиард доллар сотилган.
Юридик шахслар эса 9,8 миллиард доллар миқдорида валюта маблағларини реализация қилган.
Таҳлилларга кўра, ҳисобот даврида миллий валюта курсининг барқарорлиги ҳам сақланиб қолди. АҚШ долларининг айирбошлаш курси 11 938-12 320 сўм оралиғида тебраниб, давр якуни бўйича миллий валюта 0,6 фоизга мустаҳкамланган.
Шунингдек, мазкур даврда валюта курси тебранувчанлиги ўртача 28,5 сўм ёки 0,23 фоизни ташкил этди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА