Ўзбекистонда ҚҚС тўловчилари сони 268 мингдан ошди
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йил 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда махсус рўйхатдан ўтган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчилари сони 268 минг 375 тани ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,6 фоизга ошган.
Мутасадди идоралар маълумотларига кўра, ҚҚС тўловчиларининг энг катта қисми савдо соҳаси ҳиссасига тўғри келмоқда. Ушбу йўналишда 99,8 мингта тадбиркорлик субъекти ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида 50 мингта, хизмат кўрсатиш соҳасида эса 42,9 мингта ҚҚС тўловчиси фаолият юритмоқда.
Таҳлилларга кўра, ҚҚС тўловчилари сонининг энг юқори ўсиш суръатлари ҳам айрим тармоқларда қайд этилган. Хусусан, савдо соҳасида ўсиш 29,7 фоизни, хизмат кўрсатиш соҳасида 27,5 фоизни, ахборот ва алоқа соҳасида эса 18,2 фоизни ташкил этган.
Қайд этилишича, ҚҚС тўловчилари сонининг ортиши мамлакатда тадбиркорлик муҳитининг яхшиланаётгани, иқтисодий фаолликнинг кенгайиши ҳамда бизнес субъектларининг расмий секторга жалб этилаётганидан далолат беради.
Ш.Маматуропова,
ЎзА