Ўзбекистонда нечта масжид бор?
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати раҳбари Илҳом Маърупов соҳада амалга оширилган ишлар хусусида маълумотларни тақдим этди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, бугунги кунда республика бўйича 2 минг 131 та масжид фаолият юритмоқда, ўтган 2023 йилда 13 та янги масжид давлат рўйхатидан ўтказилган, 82 та масжидда тубдан қайта қуриш ҳамда 43 та масжидда таъмирлаш ишлари якунланган.

Айни пайтда Ўзбекистонда 197 та ноисломий диний ташкилот фаолият юритмоқда. 2023 йилда Ангрен шаҳрида католик черкови давлат рўйхатидан ўтказилган.
Конфессиялар вакилларининг 50 дан ортиқ республика ва халқаро тадбирларда иштироки таъминланди. Шунингдек, уларга 14 та диний байрамларини ўтказишда амалий ёрдам кўрсатилди.
Қайд этилишича, ўтган йил давомида Ҳаж мавсуми ва Умра зиёрати юқори савияда ташкил этилган. Хусусан, 15 минг 150 нафар зиёратчи Ҳаж амалини, 43 мингдан ортиқ зиёратчи Умра амалини адо этган. Буюк алломалар бой илмий меросини кенг тарғиб қилиш ва зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида 24 та альбом-проспект, китоб, рисола, брошюра ва флаерлар чоп этилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА