Ўзбекистонда IT компанияларни қўллаб-қувватлаш дастури янгиланди
Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган Zero Risk давлат дастури янгиланди. Энди Incentives деб номланган дастур Рақамли технологиялар вазирлиги, IT Park Uzbekistan ва Жаҳон банки ҳамкорлигида амалга оширилиб, экспортга йўналтирилган ҳамда янги иш ўринлари яратаётган IT компанияларни қўллаб-қувватлаш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Янгиланган дастурдаги муҳим ўзгаришлардан бири иштирокчилар учун белгиланган минимал талабнинг енгиллаштирилганидир. Илгари компенсация олиш учун камида 20 та янги иш ўрни яратиш талаб этилган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 10 тага туширилди. Бу эса дастурдан кичик ва ўрта IT компанияларининг ҳам кенгроқ фойдаланишига йўл очади.
Дастур доирасида инфратузилмавий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам назарда тутилган. Хусусан, иштирокчиларга ҳар бир янги ходим учун 7 квадрат метргача офис майдони ажратилиши, шунингдек, кейинчалик сотиб олиш имконияти билан IT ускуналар тақдим этилиши мумкин.
Янги тартибга кўра, компанияларга иш ҳақи жамғармасининг 10 фоизидан 15 фоизигача компенсация тўланади. Аёллар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган иш ўринларига эса ходимлар умумий сонидан қатъи назар, 15 фоизлик қатъий компенсация ставкаси қўлланади.
Шу билан бирга, дастур ходимларни ишга жалб қилиш ва уларни ўқитиш билан боғлиқ харажатларни қоплашни ҳам ўз ичига олади. Қўллаб-қувватлашнинг умумий ҳажми ҳар бир иш ўрни учун 2 минг АҚШ долларигача ёки компания экспорт тушумининг 3 фоизигача белгиланган.
Компенсация маблағлари ходимларнинг 12 ой давомида расман бандлиги тасдиқланганидан кейин тўлаб берилади. Мутахассисларнинг фикрича, мазкур механизм қисқа муддатли эмас, балки барқарор ва узоқ муддатли иш ўринларини яратишни рағбатлантиради.
Маълумотларга кўра, Zero Risk дастури амал қилган даврда иштирокчи компаниялар томонидан 4 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган. Шунингдек, дастур иштирокчилари 10 миллиард сўмлик технология ва ускуналар харид қилган бўлиб, уларнинг умумий экспорт ҳажми 43 миллион АҚШ долларидан ошган.
Янгиланган Incentives дастури Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган «Ўзбекистонда рақамли инклюзивлик» лойиҳаси доирасида ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ташаббус мамлакат IT соҳасининг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш ва экспорт имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА