Ўзбекистонда Хитойнинг тўқимачилик ва тикувчилик компаниялари иштирокида халқаро кўргазма бўлади
12–14 октябрь кунлари Тошкентдаги “Uz Expo Centre” мажмуасида Apparel Textile Sourcing Uzbekistan 2026 халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади. Унда Хитой, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан тўқимачилик ва тикувчилик саноати вакиллари иштирок этади.
2024 йилда ташкил этилган мазкур кўргазма шу кунга қадар икки марта ўтказилган. Жорий йилги тадбир Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган қатор тўқимачилик кўргазмалари билан бир вақтда ташкил этилади. Кўргазма Германияда жойлашган халқаро кўргазмалар ташкилотчиси Messe Frankfurt ваколати ва қўллаб-қувватлови асосида ўтказилмоқда.
Тадбирда тўқимачилик ва тикувчилик саноатида қўлланиладиган хомашё ва ёрдамчи материаллар, фурнитура, тайёр маҳсулотлар ҳамда замонавий технологиялар намойиш этилади. Шунингдек, иштирокчилар ўртасида янги бизнес алоқаларини ўрнатиш, савдо ва ҳамкорликни ривожлантириш учун имконият яратилади.
Жорий йил кўргазмада 150 дан ортиқ Хитой компанияси қатнашиши кутилмоқда. Уларнинг қарийб 80 таси “CHINA BRAND” бренди остида ўз маҳсулотларини тақдим этади. Экспозицияда кийим-кечак учун мато ва аксессуарлар, уй-рўзғор ва тижорат мақсадларида ишлатиладиган тўқимачилик маҳсулотлари, кийим-кечак ҳамда мода аксессуарлари ўрин олади.
Шунингдек, Хитойнинг тўқимачилик машиналари, ишлаб чиқариш ускуналари ва технологияларига ихтисослашган компаниялари ҳам иштирок этади. Улар соҳанинг хомашё тайёрлашдан тортиб, маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган турли босқичлари учун мўлжалланган ечимлар ва маҳсулотларини намойиш қилади.
Кўргазманинг халқаро миқёси аввалги тадбирларда ҳам яққол намоён бўлган. Хусусан, 2025 йилда ушбу кўргазмалар туркумида 15 мамлакат ва ҳудуддан 250 дан ортиқ компания ҳамда 4 мингдан зиёд ташриф буюрувчи иштирок этган. Улар орасида Буюк Британия, АҚШ, Германия, Покистон, Россия, Тожикистон, Қозоғистон ва Афғонистон вакиллари ҳам бўлган.
Ўша йили қарийб 100 та Хитойнинг тўқимачилик ва тикувчилик компанияси ўз маҳсулотлари ва ишлаб чиқариш технологияларини тақдим этган. Улар Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан келган харидорлар ва соҳа мутахассислари билан мулоқот қилган.
Кўргазма Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамда савдо алоқалари изчил ривожланаётган бир шароитда ўтказилмоқда. Хусусан, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликда “Бир макон, бир йўл” ташаббуси муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.
Тўқимачилик ва тикувчилик саноати Хитой иқтисодиётининг анъанавий кучли тармоқларидан бири. Мамлакатда хомашё ва ёрдамчи материаллар ишлаб чиқаришдан тортиб, тўқимачилик маҳсулотлари ва кийим-кечак тайёрлаш, махсус машина ва ускуналар ишлаб чиқариш ҳамда тегишли хизматларгача бўлган яхлит саноат занжири шаклланган.
Хитой дунёдаги энг йирик кийим-кечак ишлаб чиқарувчиси ва экспортчиси ҳисобланади. Мамлакатда йилига 70 миллиард донадан ортиқ кийим-кечак ишлаб чиқарилади. Бу жаҳон кийим-кечак ишлаб чиқаришининг ярмидан кўпини ташкил этади. Хитойнинг кийим-кечак экспорти эса дунёдаги умумий экспорт ҳажмининг қарийб 30 фоизига тўғри келади.
Айни пайтда Хитой тўқимачилик ва тикувчилик саноатида технология, дизайн ва брендларни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратмоқда. Бу омиллар мамлакат ишлаб чиқарувчиларининг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистоннинг Марказий Осиёнинг марказида жойлашгани, аҳоли сонининг ўсиши ва урбанизация жараёнларининг жадаллашиши тўқимачилик маҳсулотларига бўлган талабни ҳам оширмоқда. Хусусан, кийим-кечак, чойшаб, парда, гилам ва бошқа маҳсулотларга эҳтиёж ортиб бормоқда.
Бу ҳолат халқаро компаниялар учун янги имкониятлар яратиши билан бирга, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё бозорларига чиқиш учун минтақавий марказ сифатидаги аҳамиятини ҳам оширмоқда.
Шу жиҳатдан, Apparel Textile Sourcing Uzbekistan 2026 кўргазмаси Хитой ва Ўзбекистон компаниялари ўртасида янги бизнес алоқаларини йўлга қўйиш, мавжуд ҳамкорликни кенгайтириш ва Марказий Осиё бозорида янги имкониятларни излаш учун майдон вазифасини ўтайди.
Хитойлик иштирокчилар Ўзбекистон ва минтақадаги ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ва харидорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, маҳсулотларини танитиш ва янги ҳамкорлик лойиҳаларини муҳокама қилиш имконига эга бўлади.
Кўргазма доирасида саноат ассоциациялари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан учрашувлар ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Уларда Хитой, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ўртасида тўқимачилик ва тикувчилик соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Нозимбек Мардонов, ЎзА