Ўзбекистонда факторинг хизматлари ҳажми 9,5 триллион сўмни ташкил этди
Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган Факторинг хизматлари бозори шарҳи маълум қилинган.
Унда қайд этилишича, Ўзбекистонда факторинг хизматлари бозори 9,5 триллион сўм ҳажмга эришди ва бу соҳанинг узлуксиз ривожланаётганидан далолат беради. Мазкур ҳажмнинг 93 фоизи тижорат банклари ҳиссасига тўғри келса, 7 фоизи микромолия ташкилотлари орқали амалга оширилди.
Бу кўрсаткичлардан кўриниб турибдики, миллий молия бозорида банкларнинг асосий иштирокчи сифатида роли тобора мустаҳкамланмоқда. Шу билан бирга, рақамли платформалар орқали амалга оширилган операциялар ҳажми 46 фоизини ташкил этди. Бу рақамлар рақамли трансформация ва электрон тўловлар тизимининг молия бозоридаги аҳамиятини кўрсатмоқда.

Муддати бўйича таҳлилга кўра, 61–90 кунлик битимлар энг кўп ишлатилган бўлиб, умумий ҳажмнинг 38 фоизини ташкил қилди. Бу эса мижозлар ва корхоналар учун мослашувчан тўлов шартлари тақдим этилишини ва бозорнинг ликвидлигини кўрсатади. Шу билан бирга, қисқа муддатли (30 кунгача) ва узоқ муддатли (121–180 кун) факторинг операциялари ҳам фаолликни таъминламоқда.
Халқаро факторинг хизматларида ҳам ўсиш кузатилди: 2025 йилда ушбу ҳажм 642 миллиард сўмга етди.
Шунингдек, мижозлар таркибида йирик бизнес ва банклар асосий иштирокчи сифатида фаоллигини сақлашга хизмат қилади.
Бозор ривожланишининг бу тенденциялари келгусида ҳам факторинг хизматлари иқтисодиётнинг молиявий барқарорлиги ва корхоналарнинг ликвидлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди, шу билан бирга кичик ва хусусий тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш имкониятларини очади.
Ш.Маматуропова, ЎзА