Ўзбекистонда 630 миллиондан ортиқ харид чеки расмийлаштирилди
Ўзбекистонда товар ва хизматларни рақамли ҳисобга олиш тизими изчил такомиллаштирилмоқда. Маҳсулотлар ва хизматларнинг идентификация кодлари (МХИК) орқали иқтисодий операцияларнинг шаффофлиги таъминланиб, электрон ҳужжат айланмаси кўлами тобора кенгайиб бормоқда.
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, бугунги кунда Маҳсулот (товар ва хизматлар) ягона электрон каталогига жами 430,3 мингта идентификация коди киритилган. Уларнинг 429 минг 472 таси маҳсулотлар, 915 таси эса хизматлар учун мўлжалланган.
2026 йилнинг январь-май ойлари давомида мамлакат бўйича мазкур тизимдан фаол фойдаланилди. Хусусан, 212,7 мингта корхона томонидан шакллантирилган 22,5 миллиондан ортиқ электрон ҳисобварақ-фактура (ЭҲФ)да 83 минг 44 та МХИКдан фойдаланилган.
Шунингдек, 177,6 мингта тадбиркорлик субъекти томонидан расмийлаштирилган 630,8 миллиондан зиёд харид чекида 135,5 мингта МХИК қўлланилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, МХИК тизими товар ва хизматларни аниқ идентификация қилиш, ҳисоб-китобларда шаффофликни таъминлаш, солиқ ҳисоботларини юритишни енгиллаштириш ҳамда яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Рақамли технологияларнинг кенг жорий этилиши эса тадбиркорлар учун қулайлик яратиш, давлат органлари билан ахборот алмашинувини тезлаштириш ва иқтисодий муносабатларни янада шаффофлаштиришга хизмат қилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА