Ўзбекистонда 5 та сел-сув омбори қурилади
Мамлакатимизда иқлим ўзгариши шароитида сув ресурслари тақчиллигининг олдини олиш, сел ва тошқин сувларини хавфсиз ўтказиб юбориш ҳамда улардан қишлоқ хўжалигида унумли фойдаланиш борасида муҳим тизимли чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Хусусан, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва янги гидротехник иншоотларни барпо этиш орқали ҳудудларнинг сув таъминотини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Шу мақсадда, жорий йилнинг 25 май куни давлатимиз раҳбари томонидан “Сел-тошқин сувларидан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан 2027–2030 йилларда қуриладиган сел-сув омборларининг манзилли дастури тасдиқланди. Қарорга кўра, 2027 йилдан бошлаб республика ҳудудларида 5 та янги сел-сув омборини қуриш ишлари бошланади.
Ушбу йирик лойиҳаларнинг ишга туширилиши ҳисобига Самарқанд вилоятида 7 минг гектар, Тошкент вилоятида 2 минг гектар ва Жиззах вилоятида 300 гектар ер майдонларининг сув таъминоти тубдан яхшиланади. Бундан ташқари, сел сувларини йиғиш орқали Самарқанд вилоятида 3,3 минг гектар ҳамда Тошкент вилоятида 300 гектар янги ер майдонларини қишлоқ хўжалиги учун ўзлаштириш имконияти яратилади. Қарорда белгиланишича, сел-сув омбори ва унинг иншоотлари, карьерлар ҳамда қурилиш майдонига тушган ер участкалари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилади. Бунда жараён давомида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган барча мулкий зарарлар қонунчиликда белгиланган тартибда давлат томонидан тўлиқ қоплаб берилиши кафолатланади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА