Ўзбекистон ёшлари халқаро робототехника мусобақасида кумуш медални қўлга киритди
Ўзбекистон ёшлари халқаро робототехника майдонида яна бир муҳим ютуққа эришди.
Хитой Халқ Республикасининг Хайнань провинцияси Санья шаҳрида бўлиб ўтган нуфузли World Robot Summit (WRS) халқаро робототехника чемпионатида мамлакатимиз вакиллари юқори натижаларни қайд этиб, кумуш медаль соҳиби бўлди.
Мазкур халқаро мусобақада иштирок этиш ҳуқуқини “Муҳандислик ойлиги” доирасида ўтказилган “Келажак муҳандислари” халқаро фестивали таркибидаги First Robotics Uzbekistan мусобақасида ғолиб бўлган олий таълим муассасалари қўлга киритган эди.
Хусусан, Олмалиқ давлат техника институти, Тошкент давлат транспорт университети ҳамда Бухоро давлат техника университети талабаларидан иборат жамоалар Ўзбекистон номидан халқаро майдонда иштирок этди.
Мусобақа якунларига кўра, Тошкент давлат транспорт университети талабалари “Runner Up” йўналишида 2-ўринни эгаллаб, кумуш медаль билан тақдирланди.
Бундан ташқари, жамоа FIRST Tech Challenge (FTC) China Offseason Event халқаро мусобақасининг “Энг фаол ва намунавий жамоа” номинациясига ҳам муносиб деб топилди. Бу эса ўзбекистонлик ёшларнинг нафақат техник салоҳияти, балки жамоавий ишлаш, ташаббускорлик ва лидерлик кўникмалари ҳам юқори баҳоланганини кўрсатади.
Маълумотларга кўра, 2026 йилги “World Robot Contest (WRC) Championships” мусобақасида дунёнинг 25 дан ортиқ давлатидан 10 мингдан зиёд иштирокчи ўзаро беллашди. Ана шундай кучли рақобат шароитида Ўзбекистон ёшларининг совриндорлар қаторидан жой олиши мамлакатимизда муҳандислик, робототехника ва инновацион таълим соҳалари изчил ривожланаётганининг яна бир амалий тасдиғи бўлди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА