Ўзбекистон ёшларга ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси ва давлат сиёсатини шакллантиришда ҳамкор сифатида қарайди
Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева БМТ Бош котибининг Ёшлар масалалари бўйича ёрдамчиси, БМТ Ёшлар бюроси раҳбари Фелипе Паульер билан учрашди.
Унда ёшлар сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, қарор қабул қилиш жараёнларида ёшларнинг иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар глобал ёшлар кун тартибини илгари суриш ва қарор қабул қилиш жараёнларида ёшларнинг мазмунли иштирокини таъминлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг аҳамиятини юқори баҳолади.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ёшларга нафақат давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган шахс, балки ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси ва давлат сиёсатини шакллантиришда муҳим ҳамкор сифатида қарайди.

Бу борада Олий Мажлис ҳузурида Ёшлар парламентлари йўлга қўйилгани уларнинг мамлакатни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилишда иштирок этиш имкониятини яратмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тинчлик учун ёшлар умумжаҳон ҳаракати”ни ташкил этиш ташаббусига алоҳида эътибор қаратилди. Қароргоҳи Ўзбекистонда жойлашадиган мазкур ҳаракатга оид ташаббус тарғиботини кучайтириш ва уни турли мамлакатларнинг ёш парламент аъзолари ва ёшлар ташкилотларини жалб қилган ҳолда амалга оширишнинг амалий механизмларини кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

БМТнинг Ёшлар ишлари бўйича офиси ва ёшлар парламентлари ўртасида тизимли ҳамкорлик ўрнатиш, Ўзбекистон ёшларининг БМТ дастурлари ва халқаро платформаларидаги иштирокини кенгайтириш, шунингдек, иқлим кун тартиби, рақамли трансформация ва сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш соҳаларида қўшма ташаббусларни амалга ошириш ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида белгиланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА