Ўзбекистон ёш метрологлари халқаро танловда совринли ўринларни қўлга киритди
Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида “Келажак бизники” шиори остида IV Халқаро илмий-амалий ёш олимлар ва мутахассислар анжумани бўлиб ўтди.
Ушбу нуфузли анжуман доирасида “МДҲнинг энг яхши ёш метрологи” номли I Халқаро танлов ташкил этилди. Танловда МДҲга аъзо давлатлардан 40 нафар ёш метролог иштирок этди.
Тадбир давомида иштирокчилар метрологиянинг илмий, амалий ҳамда рақамлаштириш йўналишлари бўйича берилган амалий топшириқларни бажариб, ўз билим ва кўникмаларини намоён этди. Шунингдек, улар ўз илмий-амалий лойиҳаларини тақдим этиш имкониятига эга бўлди.

Қувонарлиси, танлов якунига кўра, Ўзбекистон номидан иштирок этган ЎзММИ ходимлари юқори натижаларни қайд этиб, совринли ўринларни эгаллади. Жумладан, илмий метрология йўналишида — Таубалдиев Азамат биринчи, Метрологияни рақамлаштириш йўналишида — Муҳаммад Аминов Аҳмадбек иккинчи ўринни қўлга киритди. Бу натижалар ёш метрологларнинг юқори илмий салоҳияти, замонавий касбий тайёргарлиги ҳамда мамлакатимизда метрология соҳасида ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган тизимли ислоҳотларнинг амалий самарасидир.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, мазкур халқаро танлов ва анжуман ёш метрологларнинг илмий салоҳиятини намоён этиш, тажриба алмашиш, метрология соҳасидаги инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ҳамда МДҲ давлатлари ўртасидаги профессионал ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА