Ўзбекистон йирик капитал марказлари эътиборида
Бугунги дунёда давлатлар рақобати фақат ҳарбий ёки сиёсий салоҳият эмас, балки халқаро капитални жалб қилиш қобилияти билан ҳам ўлчанмоқда. Сармоя учун кураш дунё иқтисодиётининг асосий хусусиятига айланган шароитда мамлакатлар ўз имкониятини намоён этиш учун турли платформаларни шакллантирмоқда. Шу нуқтаи назардан 2026 йил 16-18 июнь кунлари бўлиб ўтган V Тошкент халқаро инвестиция форуми Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий майдондаги юқори ўрни ва мақомини намоён этган муҳим воқеадир.
Тошкент давлат шарқшунослик университети Иқтисодиёт ва менежмент кафедраси ўқитувчиси Шоҳруҳ Мардонов фикрича, мазкур форумни оддий бизнес анжумани сифатида баҳолаш тўғри эмас. Ушбу тадбир мамлакатнинг сармоявий сиёсати, иқтисодий ислоҳоти ва ташқи иқтисодий стратегияси қандай натижа бераётганини кўрсатган йирик халқаро майдондир. Анжуманда юзга яқин давлатдан минглаб иштирокчи, халқаро молия институтлари, сармоявий жамғармалар, трансмиллий корпорациялар ва давлат раҳбарлари даражасидаги меҳмонлар қатнашиши республиканинг глобал инвестиция маконидаги аҳамияти ортиб бораётганидан далолат.

Сўнгги йилларда мамлакат иқтисодиётида кузатилган энг муҳим ўзгаришлардан бири хорижий сармоя ҳажми барқарор ўсишидир. 2025 йил ўзлаштирилган ташқи маблағ миқдори 43,1 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткич аввалги йилга нисбатан қарийб чорак қисмга кўп. Айниқса, маблағнинг асосий қисми тўғридан-тўғри хорижий сармоя ҳиссасига тўғри келгани иқтисодиётнинг халқаро бизнес учун жозибадорлиги ортаётганини кўрсатади.
Муҳими, бу рақамлар тасодифий эмас. Кейинги йилларда амалга оширилган иқтисодий либераллаштириш сиёсати, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш чоралари, ташқи савдо эркинлашуви ва инвесторлар учун яратилган ҳуқуқий механизм халқаро сармоядорлар ишончини мустаҳкамлади. Натижада Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг фаол марказлардан бирига айланмоқда.
Форум арафасида ўтказилган юқори даражадаги учрашувлар ҳам ушбу жараённинг мантиқий давомидир. Хусусан, АҚШ йирик молиявий институтлари ва корпорациялари раҳбарлари билан кечган музокаралар икки давлат иқтисодий алоқалари янги мазмун касб этаётганини намоён қилди. Экспорт-импорт молиялаштириш механизмлари, стратегик инфратузилма лойиҳалари, энергетика тизимини модернизация қилиш, рақамли технологияни жорий этиш ва муҳим минерал ресурсларни қайта ишлаш каби йўналишлар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.
Айниқса, жаҳон молия бозорида улкан нуфузга эга корхоналар раҳбарларининг Тошкентга ташрифи халқаро бизнес доиралари мамлакат иқтисодиётига кучли қизиқиш билдираётганини кўрсатди. Бу жараён иқтисодий дипломатиянинг амалий натижасидир.
– Форум доирасида муҳокама қилинган масалалар таҳлил қилинганда иқтисодиётимизнинг келгуси ривожланиш модели аниқ кўзга ташланади, – дея таъкидлайди Мардонов. – Агар аввалги босқичларда асосий эътибор хом ашё ресурсларини ўзлаштиришга қаратилган бўлса, эндиликда юқори қўшилган қиймат яратадиган тармоқларни ривожлантириш устувор аҳамият касб этмоқда. Сунъий интеллект, рақамли инфратузилма, маълумот марказлари, замонавий логистика тизими, қайта тикланувчи энергия манбалари ва юқори технологияли саноат корхоналари шундай йўналишлар қаторига киради.
Бу ўзгаришлар жаҳон иқтисодиётида кечаётган жараён билан ҳамоҳанг. XXI асрда рақобат табиий бойликлар эмас, балки технология, инновация ва интеллектуал ресурслар учун кечмоқда. Демак, мамлакатнинг мазкур соҳаларга йўналтирилаётган сармояларга алоҳида эътибор қаратаётгани стратегик жиҳатдан тўғри қарор.
Форумда инфратузилма лойиҳалари ҳам диққат марказига чиқди. Янги халқаро аэропорт қурилиши, замонавий тиббиёт мажмуалари барпо этилиши, рақамли банк хизмати кўламини кенгайтириш, логистика марказлари ва қуруқ портлар ташкил этиш бўйича илгари сурилган ташаббуслар мамлакатимиз иқтисодий фаоллигини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Хусусан, логистика соҳасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамиятга эга. Денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган давлат учун транспорт йўлаклари иқтисодий тараққиётнинг ҳал қилувчи омили ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан янги инфратузилма лойиҳалари нафақат ички эҳтиёжни қоплайди, балки халқаро савдо занжиридаги ўрнимизни ҳам мустаҳкамлайди.

Тошкент форумининг яна бир муҳим натижаси – Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий мулоқот маркази сифатидаги мақомини кучайтирганида намоён бўлди. Албания, Озарбайжон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлар юқори даражадаги вакиллари иштироки форумнинг сиёсий-иқтисодий аҳамиятини янада оширди. Бу ҳолат юртимизнинг минтақадаги иқтисодий ҳамкорлик платформаси сифатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда.
Умуман, мазкур йирик тадбир мамлакат иқтисодиётида сифат жиҳатидан янги босқич шаклланаётганини кўрсатди. Анжуман диёримиз сармоя қабул қилувчи давлатдан халқаро капитал ҳаракати, технология трансфери ва йирик иқтисодий лойиҳаларни бирлаштирувчи минтақавий марказга айланиш сари ҳаракатланаётгани ёрқин далилидир.
Энг муҳими, мазкур майдон орқали намойиш этилган иқтисодий сиёсат мамлакатнинг узоқ муддатли мақсади – рақобатбардош иқтисодиёт барпо этиш, юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва глобал иқтисодий тизимда муносиб ўрин эгаллашга қаратилганини тасдиқлади. Шу маънода V Тошкент халқаро инвестиция форуми йилнинг энг муҳим иқтисодий воқеаларидан бири сифатида тарихда қолиши шубҳасиз.
Мусулмон Зиё, ЎзА