Ўзбекистон-Япония: энергетика соҳасида ҳамкорлик янада мустаҳкамланади
Мамлакатимиз энергетика соҳасини модернизация қилиш, электр энергияси ишлаб чиқариш ва узатиш инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, замонавий технология ва инвестицияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда хорижий ҳамкорлар билан инвестициявий ва технологик шерикликни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Ана шундай ҳамкорлик истиқболлари бугун Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Шерзод Хўжаев ва Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат давлат вазири Кенжи Ямада ўртасида бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.
Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасидаги энергетика соҳасидаги шерикликни янада кенгайтириш, мавжуд лойиҳаларни самарали амалга ошириш ва янги ташаббусларни илгари суриш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Хусусан, Япониянинг етакчи энергетика компаниялари иштирокида Ўзбекистонда амалга оширилаётган йирик лойиҳаларнинг бориши кўриб чиқилди. Улар қаторида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш, электр узатиш тармоқларини такомиллаштириш ҳамда мамлакат газ транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган лойиҳалар бор.
Шунингдек, томонлар энергетика соҳасида инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, илғор технологияларни жалб этиш ва узоқ муддатли шериклик учун янги йўналишларни белгилаш масалаларига эътибор қаратди.
Учрашув якунида ўзаро манфаатли лойиҳаларни илгари суриш, амалга оширилаётган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон-Япония энергетика ҳамкорлигини изчил давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА