Ўзбекистон хориж матбуоти саҳифаларида
Бирлашган Араб Амирликлари ахборот агентлиги – “WAM” саҳифаларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни мамлакатимизнинг олтита ҳудудида 5 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияларини ишга тушириш ва тармоққа улашга бағишланган тантанали маросимда иштирок этгани ҳақида мақола чоп этилди.
Мақолада ушбу муҳим инвестиция лойиҳаларнинг ҳамкорлари бўлган “Masdar” компанияси бош ижрочи директори Муҳаммад Жамол Ал-Рамаҳий, БААнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Матар Султон Ас-Сири Ал-Қамзи ва бошқа компаниялар раҳбарлари иштирок этгани ёритилган.
“Masdar” компанияси томонидан Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 900 мегаватт бўлган учта замонавий фотоэлектр станциясини барпо этиш лойиҳаси якунлангани, шунингдек, Навоий вилояти Томди туманида 500 мегаваттлик шамол электр станциясининг биринчи босқичи қуриб битказилгани таъкидланган.
Муаллиф Президентимизнинг шу муносабат билан сўзлаган нутқида БАА ва Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам ва узоқ муддатли дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларига, жумладан, сармоя киритиш ва қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини ривожлантиришга юксак баҳо берганини, бу соҳадаги келгуси режаларга тўхталиб ўтганини алоҳида эътироф этган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА