Ўзбекистон халқаро стандартлаштириш майдонида
Ўзбекистон делегацияси ISO/TC 100 техник қўмитасининг 20-пленар йиғилишида иштирок этиб, халқаро стандартлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Хитойда ISO/TC 100 — «Куч узатиш ва конвейерлар учун занжирлар ва занжир юлдузчалари» техник қўмитасининг 20-пленар йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси билан бир қаторда Франция, Германия ва Буюк Британия вакиллари ҳам иштирок этди.
Йиғилишнинг очилиш маросимида Давлат бозорни тартибга солиш маъмурияти Стандартлар инновацияси бошқармасининг биринчи даражали инспектори Фу Вэнбяо, ISO/TC 100 раиси Эрхард Фогт, Жилин провинцияси бозорни тартибга солиш маъмурияти бош директори У Чжунсю ва Жилин университети вице-президенти Чжан Госин сўзга чиқиб, иштирокчиларни қутлади.

Пленар йиғилиш доирасида халқаро стандартлаштиришнинг долзарб йўналишлари, занжирли узатмалар технологиясининг ривожланиши ва соҳанинг истиқболларига бағишланган маърузалар тингланди. Хусусан, ISO/TC 100 раиси Эрхард Фогт занжирлар ва занжир ғилдиракларини стандартлаштиришнинг шаклланиш тарихи, бугунги ҳолати ҳамда келгусидаги ривожланиш истиқболлари ҳақида маълумот берди. Германиянинг “iwis Antriebssysteme GmbH & Co. KG” компанияси вакили Томас Вольф эса занжирли узатмалар соҳасининг тараққиёт босқичлари ва истиқболларига тўхталди.
Шунингдек, ISO/TC 110 эксперти, “FB Chain Ltd. (Leaf Chain)” компанияси вакили Питер Черч барқарор ривожланиш ва углерод ҳисоботлари бўйича тақдимот ўтказди. ISO/TC 100 Хитой миллий қўмитаси раиси, Жилин университети Занжирли узатмаларни тадқиқ этиш институти вакили Чжу Гожэнь эса роликли ва втулкали узатма занжирларини даврий текшириш усуллари ҳақида маъруза қилди.

Муҳокамалар давомида иштирокчилар халқаро стандартларни такомиллаштириш, занжирли узатмалар технологиясини ривожлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Ўзбекистон делегациясининг мазкур халқаро йиғилишдаги иштироки мамлакатимизнинг халқаро стандартлаштириш жараёнларидаги фаоллигини ошириш, машинасозлик соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда техник меъёрлар ва стандартлар йўналишидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Халқаро майдондаги бундай мулоқотлар миллий стандартлаштириш тизимини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқаришда сифат талабларини такомиллаштириш учун муҳим аҳамиятга эга.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА