Ўзбекистон ва Япония стратегик иқтисодий шерикликни мустаҳкамламоқда
Бугунги кунда ушбу икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда устувор йўналишлардаги шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Ана шу мақсадлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Япониянинг Ишбилармонлик ҳамкорлиги қўмитаси – KEIDANREN раиси Ҳашимото Такеши бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Музокараларда савдо-иқтисодий, инвестициявий, инфратузилмавий ва инновацион ҳамкорликни кенгайтириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда туризм соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Япония томони экология, иқлим ўзгариши, инсон капитали, сунъий интеллект ва рақамлаштиришни ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этди. Ўзбекистон томони эса рақамли трансформация, энергетика ва туризм соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, “яшил” технологиялар, қайта тикланувчи энергия манбалари, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ҳамда Ўзбекистон ёшлари учун Японияда меҳнат қилиш имкониятларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар қайд этганидек, инвестициялар, инфратузилма, энергетика, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш ва инсон капиталини ривожлантириш соҳаларида стратегик иқтисодий шерикликни янада мустаҳкамлаш бўйича амалий чоралар кўрилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА