Ўзбекистон ва Япония ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тажрибалар ўрганилмоқда
Ўзбекистон ва Япония ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик кенгайиб, селекция, уруғчилик ва инновацион агротехнологияларни жорий этиш йўналишларида самарали ишлар ташкил қилинмоқда.
Япониянинг Murakami Seed Co., Ltd. компанияси директори Такаши Суэда ва Рё Сасаки бошчилигидаги делегация Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институтининг Мойли ва толали экинлар илмий-тажриба станциясига ташриф буюрди.
Ташриф давомида меҳмонлар станцияда дуккакли экинлар, хусусан, мош селекцияси ва етиштириш агротехнологияси бўйича олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари билан яқиндан танишди, дейилади илмий-тадқиқот институти маълумотида.
Дала тажрибасида мош экиш муддатлари, схемалари ҳамда ушбу омиллар ўсимликларнинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигига таъсири бўйича олиб борилаётган тажрибаларни кузатди. Шунингдек, нўхат ўсимлиги намуналари ҳам делегация вакилларига намойиш этилди.
Учрашув давомида томонлар селекция, уруғчилик, замонавий агротехнологиялар ҳамда дуккакли экинларни етиштириш технологиялари бўйича илмий-амалий тажриба алмашди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА