Ўзбекистон ва Туркия адлия вазирликлари ўртасида ҳуқуқий ҳамкорлик кенгайтирилади
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Ташкулов Туркия адлия вазири ўринбосари Бурак Жейхан бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ҳуқуқий ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, медиация, низоларни муқобил ҳал этиш (АДР), адвокатура, давлат ҳисобидан юридик ёрдам ва юридик кадрлар малакасини ошириш йўналишларида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда медиация институтини ривожлантириш, АДР тизимини рақамлаштириш ва соҳада илғор халқаро тажрибани жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар Туркия делегацияси томонидан эътироф этилди.
Икки мамлакат мутахассислари ўртасида мунтазам эксперт мулоқотларини йўлга қўйиш, қўшма семинарлар, ўқув дастурлари ва тажриба алмашувларини ташкил этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.

Адлия вазирлиги қошидаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказида ўтказилган учрашувда делегация аъзоларига марказнинг асосий фаолият йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ҳуқуқий ахборотни етказиш, замонавий рақамли технологияларни ҳуқуқ соҳасига жорий этиш, қонунчилик ҳужжатларини расмий эълон қилиш, Lex.uz ва Туркиянинг Mevzuat.gov.tr қонунчилик ахборот платформаларининг техник ва функционал имкониятларини қиёсий ўрганиш бўйича таклифлар атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва келгусида амалий ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантиришга келишиб олди.

Тошкент давлат юридик университетида ўтказилган учрашувда томонлар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қатор таклифларни илгари сурди.
Жумладан, ТДЮУ талабаларининг Туркиядаги Халқаро арбитраж ва медиация марказида қисқа муддатли амалиёт ва стажировка ўташини йўлга қўйиш, ТДЮУ базасида “Турк-ўзбек ҳуқуқ маркази”ни ташкил этиш, “Uzbek-Turk International legal forum” халқаро академик форумини ўтказиш ҳамда Туркиянинг етакчи университетлари билан қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Туркия томони мазкур таклифларни қўллаб-қувватлаб, келгусида ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА