Ўзбекистон ва Қозоғистон: тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликнинг янги истиқболлари белгилаб олинди
Туркманистоннинг Аваза шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов ва Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Акмарал Алназарова ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат етакчиларининг саъй-ҳаракатлари туфайли тиббиёт ва фармацевтика соҳаларидаги алоқалар янги мазмун билан бойиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Мулоқот чоғида тиббий таълим, шифокорлар малакасини ошириш, фармацевтика тармоғи, бирламчи бўғинни ривожлантириш ҳамда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги амалий ишлар юқори баҳоланди. Шу билан бирга, томонлар икки томонлама шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни кўриб чиқди.
Жумладан, ҳар икки давлатнинг етакчи тиббиёт муассасаларида 100 нафар шифокор учун онкология, нейрохирургия, трансплантология, кардиожарроҳлик ва педиатрия каби йўналишлар бўйича қисқа муддатли стажировкалар уюштириш таклиф этилди. Шунингдек, бирламчи тиббий-санитария ёрдами ва патронаж хизматини такомиллаштириш, чегараолди ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, айрим турдаги дори воситаларига бўлган эҳтиёжни прогнозлаш ҳамда уларнинг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятларини ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.
«Ҳамкорлигимиз ўтказилган учрашувлар ёки имзоланган меморандумлар сони билан эмас, балки амалий натижалар билан ўлчаниши керак», – деди Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов ўз сўзида.
Ўз навбатида, Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Акмарал Алназарова чегараолди ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари ўртасида бевосита ҳамкорликни янада кучайтириш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш анъанасини давом эттириш муҳимлигига тўхталиб ўтди. Учрашув якунлари бўйича белгиланган барча йўналишлар юзасидан аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишга келишиб олинди, дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.
Моҳигул Қосимова, ЎзА