Ўзбекистон ва Қозоғистон: ҳамкорлик алоқалари давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари туфайли кенгаймоқда
Олий Мажлис Сенатига Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерали Туғжанов ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда икки томонлама кўп қиррали шерикликка доир, шу жумладан, парламентлараро ҳамкорлик, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш каби кенг доирадаги масалалар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги яқин қўшничилик, қардошлик алоқалари икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари туфайли кенгайиб бораётгани алоҳида эътироф этилди.

Парламентлараро ҳамкорлик изчил ривожланаётгани қайд этилди. Қонун ижодкорлиги, парламент назорати, ҳудудий кенгашлар билан ишлаш, Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш, коррупцияга қарши курашиш, гендер тенгликни таъминлаш каби йўналишларда тажриба алмашишни давом эттириш лозимлигига эътибор қаратилди.
Қозоғистонда амалга оширилган конституциявий ислоҳот ва янги парламент модели юзасидан фикр алмашилди. 2026 йил 1 июлдан кучга кирган янги Конституцияга мувофиқ, Қозоғистон парламенти бир палатали Қурултой шаклида фаолият юритади, илк сайлов эса 23 август куни ўтказилади.
Н.Абдураимова, ЎзА