Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 март куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлатимиз раҳбари Қозоғистон Президентини янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси бўйича референдум муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.
Қабул қилинган янгиланишлар Қозоғистоннинг барқарор тараққиётини таъминлаш ва мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга ишончли ҳуқуқий асос бўлиши ва қўшимча суръат бағишлаши таъкидланди.
Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини олий даражадаги келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа устувор соҳаларда қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Етакчилар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар, бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини муҳокама қилдилар.
Давлат раҳбарлари, шунингдек, биродар халқларимизни яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами билан самимий қутлаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва бардавом равнақ тиладилар.