Ўзбекистон ва Қатарни тинчлик ва ҳамжиҳатликка интилишга оид мутштарак мақсадлар бирлаштириб туради
Парламентлараро иттифоқ (IPU) нинг 153-ассамблеяси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Қатар Давлати Шўро Кенгаши Раисининг ўринбосари Ҳамда бинт Ҳасан ал-Сулайтий билан учрашув ўтказди.
Томонлар халқаро ва минтақавий вазият юзасидан фикр алмашди. Қатарнинг низоларни тинч йўл билан ҳал этиш ва музокара жараёнларига кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланди.
Ўзбекистон минтақадаги кескинликни юмшатишга қаратилган дипломатик ташаббусларни қўллаб-қувватлаши таъкидланди. Халқаро майдонларда тинчлик ва барқарорлик ғояларини илгари суриш, Парламентлараро иттифоқнинг геосиёсий гуруҳлари доирасида ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Т.Норбоева Давлат раҳбарлари ўртасидаги яқин ва ишончли муносабатлар парламентлар ҳамкорлигини кенгайтириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидланди. Ўзаро англашув меморандумини амалий ҳаракатлар билан тўлдириш мақсадида 2027 - 2028 йилларга мўлжалланган қўшма «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Мазкур ҳужжатда давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларни амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, уларнинг ижроси устидан парламент назоратини таъминлаш, жумладан, инвестиция соҳасидаги келишувларнинг бажарилишини кузатиб боришга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш зарурлиги қайд этилди.

Ҳ. Сулайтий қўшма «йўл харитаси»ни тайёрлаш таклифини қўллаб-қувватлаб, ушбу жараёнда парламентлараро дўстлик гуруҳларининг фаол иштирокини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади. Парламентлараро муносабатларни икки мамлакат ҳукуматлари ўртасидаги ҳамкорликнинг юқори даражасига мувофиқ ривожлантиришга тайёр эканини билдирди. Қатар парламенти аъзоси мамлакатимиздаги ислоҳотларни юқори баҳолаб, Иккинчи Осиё хотин-қизлари форумининг аҳамиятини эътироф этди.
Хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш бўйича икки мамлакат ёндашувларининг муштарак жиҳатлари қайд этилди. Аёл парламент аъзолари, давлат органлари ва нодавлат ташкилотларда фаолият юритаётган хотин-қизлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, ёш парламентарийлар ҳамкорлигини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистоннинг Парламентлараро иттифоқ билан ҳамкорлигига ҳам тўхталиб ўтилди. Мамлакатимизда парламент раҳбар аёллари иштирокидаги халқаро тадбирлар, Иттифоқнинг 150-ассамблеяси ҳамда Самарқандда Ёш парламентарийлар глобал форуми ўтказилгани қайд этилди. Қатар вакилларининг Осиё хотин-қизлари форумларидаги фаол иштироки эътироф этилди.
Учрашув якунида икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш, парламентлараро ҳамкорликни амалий чора-тадбирлар билан мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Норгул Абдураимова, ЎзА