Ўзбекистон ва Покистон ўртасида қайси соҳаларга талаб катта? (+видео)
Ўзбекистонлик бир гуруҳ ОАВ вакилларининг Покистонга сафари доирасида ЎзА мухбири мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Тўхтаев билан суҳбатлашди.
Мулоқот давомида иқтисодиёт, таълим ва туризм соҳаларида икки мамлакат ўртасидаги истиқболли муносабатлар хусусида сўз юритилди.

–Покистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимизга қизиқиш жуда юқори. Мисол учун, мош катта ҳажмда етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, қуруқ мевалар – бодом, писта, ерёнғоқ ва майиз каби маҳсулотларимизга ҳам талаб катта, – деди элчи. –Текстиль соҳасида юртимиздан калава ип харид қилишга қизиқиш баланд. Чунки Покистон тўқимачилик соҳасида дунёдаги энг етакчи ўнталикка киради.
Покистон мевани жаҳон бозорига фаол экспорт қилади ва чармдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришда катта тажрибага эга. Лекин бизнинг асосий вазифамиз шунчаки хомашё сотмасдан, Покистондан мутахассислар ва замонавий технологияларни жалб қилган ҳолда, Ўзбекистонда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдир. Шу орқали МДҲ, Европа, Америка ва бошқа давлатлар бозорига чиқиш мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш соҳаси жуда ривожланган. Қолаверса, қандолатчилик бўйича йирик компанияларимиз бор, Покистонда эса бу соҳа учун бозор жуда кенг. Электротехника (кондиционерлар ва бошқа маиший техникалар) ҳамда қурилиш материаллари соҳасида ҳам олдинга чиқдик. Масалан, пластик ромлар ишлаб чиқариш борасида тажрибамиз катта. Покистонда мана шу соҳаларда қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятлари юқори.
Бундай фаолиятни йўлга қўйиш учун Исломобод, Лаҳор, Карачи, Файсалобод, Гужрат, Гужранвала, Сиалкот ва Мултон каби шаҳарлар жуда қулай ва хавфсиз ҳисобланади. Бу ерда бизнес-туризмни ривожлантириш имкониятлари ҳам кенг.
Масалан, тиббиёт анжомлари соҳасида ишлайдиган мутахассисларимиз Сиалкот шаҳрига келиб, маҳаллий саноат ва завод-фабрикалар фаолияти билан танишса, ўзимизда ҳам шундай ишлаб чиқаришни ташкил қилиш мумкин. Сиалкотда спорт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳам жуда ривожланган. Хусусан, коптоклар тайёрлаш лойиҳаси бор ва унга талаб жуда юқори.
Ўзбекистонда мазкур турдаги заводларнинг ишга туширилиши, аҳоли сони 40 миллионга яқинлашаётган ички бозорни таъминлаш билан бирга, 80–85 миллионлик бутун Марказий Осиё минтақасига тайёр маҳсулот экспорт қилиш имконини беради.
Мебель саноатида Гужрат шаҳри тажрибасини, қишлоқ хўжалигида эса картошка етиштириш хаби бўлган Окара шаҳри тажрибасини ўрганса бўлади. Покистонда ҳар бир шаҳар муайян бир маҳсулот турига ихтисослашган. Ана шу йўналишларни чуқур ўрганиб, мутахассислар кўмагида Ўзбекистонга татбиқ этсак, бу жуда самарали лойиҳа бўлади.
Туризм нуқтаи назаридан, Лаҳор – Покистоннинг маданий марказидир. У ерда Лаҳор қалъаси, Бадшоҳий масжиди, Шалимар боғи жойлашган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда жуда катта имкониятлар яратилган. Банклар очиқ, икки мамлакат ўртасида пул ўтказмалари ва молиявий операцияларни бемалол амалга ошириш мумкин. Логистика ҳам жуда қулай.
Олий таълим соҳасида Покистон университетлари халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллайди. Шу боис, Покистон билан илмий ҳамкорликни янада кенгайтиришимиз лозим.
Дарҳақиқат, бу йўналишда аниқ ишлар амалга оширилмоқда. Олий ўқув юртларимиздан иборат делегациялар Исломобод, Лаҳор, Карачи ва Пешовар шаҳарларида бўлиб, катта таассуротлар билан қайтишди.
– Айни йўналишлардаги ҳамкорлик учун элчихона қандай кўмак бера олади?
– Биз, аввало, музокараларда фаол иштирок этамиз. Делегацияларимизни виза жиҳатидан қўллаб-қувватлаймиз, ҳуқуқий ва консультатив ёрдам кўрсатамиз. Бундан ташқари, музокаралар ва учрашув жойларини белгилаш, транспорт ва логистика масалаларида яқиндан кўмаклашамиз.
Агар Исломободда Ўзбекистон миллий таомлари ошхонаси очилса, бутун Марказий Осиё ва Покистон халқи учун ҳам гўзал бир рамзга айланади.
ОАВ фаолияти ҳақида гапирадиган бўлсак, Покистонда журналистика жуда ривожланган ва эркин. Хусусий нашрлар ва медиа ресурслар жуда кўп. Элчихонамиз билан яқиндан ҳамкорлик қиладиган 80 дан ортиқ маҳаллий журналист бор. Тошкент халқаро инвестиция форуми ёки яқинда Самарқандда ўтказилган тадбирлар ва Ислом цивилизацияси маркази очилиши каби йирик анжуманларда камида 4-5 нафар покистонлик журналист ва ТВ вакиллари қатнашиб, жараёнларни кенг ёритиб бормоқда.
Телеканаллар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришимиз керак. Аудитория миллионлаб томошабинларни ташкил этади. Нафақат Самарқанд, Бухоро ва Хивани, балки Зомин, Паркент, Оролбўйи, Сурхондарё, Қашқадарё ва Сирдарё каби ҳудудларимизнинг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этишимиз зарур.
Ноябрь ойида Покистонда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказишни режалаштирганмиз. Унда фильмлар, спектакллар, рассомларимизнинг ижодий ишлари ва эстрада санъатимиз намойиш этилади. Ишончим комилки, бу тадбирлар покистонлик томошабинларда жуда катта қизиқиш уйғотади.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео), ЎзА