Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар
Боку шаҳрига амалий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашув ўтказди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Озарбайжон етакчисини Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашга раислиги муваффақиятли кечаётгани ҳамда унинг еттинчи саммити юқори савияда ташкил этилгани билан самимий табриклади.

Шу йилнинг август ойида Озарбайжон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш орқали Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Барча даражаларда самарали алоқалар йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди. Йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошди. Геология, энергетика, қурилиш, транспорт, логистика, енгил саноат, туризм ва бошқа соҳалардаги кооперация лойиҳалари фаол паллага кирди.

Маданий-гуманитар алмашинувнинг тадбирларга бой дастури амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиб, бўлажак тадбирлар режасини муҳокама қилдилар.