Ўзбекистон ва Корея муносабатлари ўзаро ишонч ҳамда тенг ҳуқуқли шериклик тамойиллари асосида ривожланмоқда
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Корея Республикасида бўлиб турибди. Ташриф доирасидаги тадбирлар Тошкент ва Сеул ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларининг бугунги даражасини яна бир бор намоён этмоқда.
Ўзбекистон ва Корея Республикаси муносабатлари Марказий Осиё ва Шарқий Осиёни боғлаб турган муҳим ҳамкорлик йўналишларидан бири. Икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 29 январда ўрнатилган. Корея Республикаси Ўзбекистон давлат мустақиллигини биринчилардан бўлиб, 1991 йил охирида тан олган давлатлардан бири ҳисобланади.
Ўтган даврда икки мамлакат муносабатлари босқичма-босқич ривожланди. 2019 йилда эса улар алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Ўзбекистон – Корея муносабатларининг бугунги ҳолати, сиёсий мулоқот, савдо ва инвестициялар, таълим ҳамда гуманитар ҳамкорлик истиқболлари ҳақида Тошкент давлат шарқшунослик университети Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи, Халқаро муносабатлар кафедраси катта ўқитувчиси, фалсафа доктори Шоҳрух Салимов билан суҳбатлашдик.
– Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги муносабатларнинг бугунги даражасини қандай баҳолаш мумкин?
– Икки мамлакат муносабатларининг асосида сиёсий ишонч ва мунтазам мулоқот турибди. Айниқса, сўнгги йилларда юқори даражадаги учрашувлар ҳамкорликка янги суръат берди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22–25 ноябрь кунлари Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. Ташриф давомида стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
2019 йил апрель ойида эса Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди. Ана шу ташриф чоғида икки мамлакат муносабатлари алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Пандемия даврида ҳам сиёсий мулоқот тўхтаб қолмади. 2021 йил 28 январда Президент Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин видеоконференция шаклида учрашди. Бу ҳам муносабатларнинг барқарор эканини кўрсатди.
“Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммити формати муҳим аҳамият касб этди. 2024 йил июнь ойида Корея Республикаси Президенти Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди. Юқори даражадаги музокаралар якунида мазкур форматдаги биринчи саммитни Сеулда ўтказиш таклифи маъқулланди. Бу ташриф дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 32 йиллиги ва алоҳида стратегик шерикликнинг 5 йиллигига тўғри келди. Мазкур илк саммит 2026 йил 16–17 сентябрь кунлари Сеул шаҳрида ўтиши кутилмоқда. Бу Марказий Осиё ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни янада тизимли йўлга қўйиш учун янги имконият яратади.
Парламентлараро алоқалар ҳам фаоллашмоқда. 2026 йил 10 сентябрь куни Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Корея Республикаси Миллий Ассамблеясининг Ташқи ишлар ва бирлашиш масалалари қўмитаси раиси Сон Сок Чжун билан учрашди. Томонлар парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва қонунчилик тажрибаси алмашинувини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
– Сиёсий яқинлик иқтисодий ҳамкорликда қандай натижа бермоқда?
– Буни савдо ва инвестиция кўрсаткичларида кўриш мумкин. 2025 йилда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси тахминан 1,7–2 миллиард долларни ташкил этди.
2026 йилнинг биринчи ярмида эса савдо ҳажми 971 миллион долларга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22,4 фоиз кўп. Томонлар яқин йилларда ўзаро савдо айланмасини 4 миллиард АҚШ долларига етказишни мақсад қилган. Бунинг учун савдони кенгайтириш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ ташкил этиш ва Кореянинг савдо ва инвестицияларни рағбатлантириш агентлиги – KOTRA имкониятларидан фаолроқ фойдаланиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Инвестицияларда ҳам салмоқли натижалар бор. Корея Республикасининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари 8 миллиард доллардан ошган. Ҳозир мамлакатимизда корейс капитали иштирокидаги 725 тадан ортиқ корхона ишлаяпти. Улар автомобилсозлик, энергетика, маиший техника, тўқимачилик, молия ва телекоммуникация соҳаларида фаолият юритмоқда. 2026 йил июнь ойида Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасидаги учрашувларда Ўзбекистон – Корея бизнес-форумини ташкил этиш ва ҳукуматлараро қўмита навбатдаги, 13-йиғилишига тайёргарлик масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Энергетика соҳасида ҳам ҳамкорлик кенгаймоқда. 2025 йилда биринчи Халқаро энергетика форуми ўтказилди. Ундан кейин “Energy Value Networks Forum” номли иккинчи халқаро форум ўтказилиши қайта тикланувчи энергетика, энергия самарадорлиги ва илғор энергетика технологиялари бўйича мулоқотнинг давом этаётганини кўрсатади.
– Икки мамлакат ҳамкорлигида таълим ва илм-фаннинг ўрни қандай?
– Бу йўналиш ҳам муносабатларнинг муҳим қисмларидан бири. Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги – KOICA доирасида ҳам қатор ишлар амалга оширилган. 2019 йил апрель ойида Корея Республикаси Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи вақтида 2020–2022 йилларга мўлжалланган ўрта муддатли ҳамкорлик дастури имзоланган. Унда таълим, ахборот-коммуникация технологиялари, экология ва тиббиёт соҳаларидаги лойиҳалар учун 72 миллион доллардан зиёд грант маблағини жалб этиш назарда тутилган. Жумладан, Самарқанд касб-ҳунарга ўқитиш маркази базасида 2019–2022 йилларда “KOICA Public-Private Partnership Project” амалга оширилди. Лойиҳа касбий таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш ва аҳоли бандлигини оширишга қаратилган эди.
Корейс тилини ўқитиш бўйича ҳам институционал база кенгаймоқда. Қирол Сежонг номидаги институт жамғармаси Ўзбекистоннинг беш шаҳрида корейс тили ва маданиятини ўрганиш марказларини очиш ташаббусини илгари сурган. Тошкент давлат шарқшунослик университети каби етакчи олий таълим муассасаларида ҳам корейс тили ва кореяшунослик йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилмоқда. Бу икки давлат ўртасидаги академик ва илмий алмашинув учун кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади.
– Гуманитар алоқаларда Ўзбекистондаги корейс диаспорасининг ўрни қандай?
– Бу алоқаларнинг жуда муҳим тарихий асоси бор. Ўзбекистондаги корейс диаспораси икки халқ ўртасидаги ўзига хос кўприк вазифасини бажариб келмоқда. Корейслар 1937 йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида сезиларли аҳоли гуруҳи сифатида яшаб келмоқда.
Дастлабки даврларда, айниқса, 1930–1950 йилларда улар қишлоқ хўжалиги, хусусан, шоличилик ривожига катта ҳисса қўшган. 1960 йиллардан бошлаб корейс диаспорасининг илм-фан, маданият, спорт ва ижтимоий ҳаётдаги иштироки кенгайди. 1980 йилларнинг ўрталаридан эса миллий идентикликни англаш ва тарихий Ватан билан алоқаларни ривожлантиришга қизиқиш кучайди. Бугун бу тарихий ва маданий боғлиқлик икки халқ ўртасидаги ўзаро ишончнинг муҳим манбаларидан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
– Умуман, Ўзбекистон – Корея ҳамкорлигининг кейинги босқичида қайси йўналишлар устувор бўлади?
– Бугунги кўрсаткичлар муносабатларни янада кенгайтириш учун асос борлигини кўрсатмоқда. Савдо айланмасини 4 миллиард долларга етказиш мақсади белгиланган. Инвестициялар ҳажми ҳам ўсиб бормоқда. Шу билан бирга, энергетика, рақамли трансформация, “ақлли шаҳарлар”, маҳаллий бошқарув ва инфратузилма каби йўналишларда янги ҳамкорлик имкониятлари очилмоқда.
Корейс тилини ўрганиш марказларининг кенгайиши ва таълим соҳасидаги лойиҳаларнинг давом этиши эса келгусида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон ва Корея Республикаси муносабатлари ўзаро ишонч, тенг ҳуқуқли шериклик ва амалий натижадорлик тамойиллари асосида ривожланмоқда. Бу ҳамкорлик нафақат икки давлат, балки Марказий Осиё ва Шарқий Осиё минтақалари ўртасидаги алоқаларни ҳам мустаҳкамлаб бормоқда.
ЎзА мухбири
Дилшод ҲАКИМОВ суҳбатлашди.