Ўзбекистон ва Жанубий Корея вакиллари синов лабораторияси лойиҳасини кўриб чиқишди
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар йўналишларда изчил ривожланиб бормоқда. 2025 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,7 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров Korea of Energy Technology Evaluation and Planning вакиллари билан учрашди.

Учрашув давомида амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларнинг бугунги ҳолати ҳамда ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари ускуналари сифатини баҳолашга ихтисослашган синов лабораториясини ташкил этиш лойиҳаси доирасидаги навбатдаги босқичлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, соҳа йўналишида Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида Корея стандартлар ва технологиялар агентлиги, Корея мувофиқликни баҳолаш лабораторияси, Корея синов лабораторияси, Корея синов ва сертификатлаштириш институти ҳамда Корея синов ва илмий- тадқиқот институти билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этилди.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги маълумотига кўра, учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва истиқболли лойиҳаларни изчил амалга ошириш юзасидан келишувга эришдилар.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА