Ўзбекистон ва Ҳиндистон: стратегик шериклик парламентлараро алоқалар орқали фаоллаштирилади
Ўзбекистон парламент делегацияси Ҳиндистонда ўтказилган BRICS доирасидаги 12-парламент форумида иштирок этди.
Унда инсон манфаатларига йўналтирилган тараққиётни таъминлаш, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова “Инновациялар: сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасида инсон манфаатларига йўналтирилган инновацияларни парламентлар салоҳияти орқали илгари суриш” мавзусидаги панель сессиясида маъруза қилди.
Сенатор Ўзбекистоннинг сунъий интеллект ва рақамли технологияларни ривожлантириш, уларнинг имкониятларини инсон манфаатларига йўналтириш ҳамда ушбу жараёнда парламент ролини кучайтириш борасидаги тажрибасини тақдим этди.

Форум доирасида делегация аъзолари Ҳиндистон парламенти қуйи палатаси – Лок Сабҳа Спикери Ом Бирла ҳамда Ҳиндистон парламентидаги «Ўзбекистон – Ҳиндистон» ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи раҳбари Ганеш Сингҳ билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Мулоқотларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кенг қамровли стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш ва эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.
Ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар фаолиятини тизимли йўлга қўйиш, мунтазам учрашувлар ўтказиш, парламент делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш ва тажриба алмашинувини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Савдо-иқтисодий, таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА