Ўзбекистон ва Грузия қўшма маданий лойиҳаларни кенгайтиришни режалаштирмоқда
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбековнинг Грузияга амалга оширган расмий ташрифи доирасида Грузия Маданият вазирлиги раҳбарияти Мака Гургенидзе билан икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, уни янада ривожлантириш истиқболлари ҳамда қўшма маданий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Музокаралар чоғида кинематография соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма бадиий ва ҳужжатли фильмлар ҳамда бошқа ижодий лойиҳаларни амалга ошириш, театр соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, икки мамлакат театр жамоаларининг ўзаро гастрол сафарларини ташкил этиш ва қўшма спектаклларни саҳналаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ўзбек миллий мақом санъати ва грузин миллий мусиқаси иштирокида қўшма концерт дастурларини ташкил этиш, рақамли маданият йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ҳам ўзаро таклифлар билдирилди. Томонлар кейинги йилларда амалга оширилган қатор маданий тадбирлар икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Хусусан, 2025 йилнинг 9–12 июль кунлари Тбилиси шаҳрида ўтказилган "Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари", шунингдек, жорий йилнинг 9–11 март кунлари Тошкент шаҳрида юқори савияда ташкил этилган "Грузия маданияти кунлари" маданий алмашинувларни янги босқичга олиб чиққан муҳим тадбирлар сифатида эътироф этилди.
Мака Гургенидзе ўз навбатида ўзбек ва грузин халқларининг бой маданий мероси, умумий қадриятлари ва тарихий яқинлиги икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратишини таъкидлади. У янги қўшма маданий ташаббуслар ва ижодий лойиҳаларни амалга ошириш учун катта имкониятлар мавжудлигини қайд этди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Грузия Маданият вазирлиги ўртасида 2026–2030 йилларга мўлжалланган маданий ҳамкорлик дастурини имзолашга тайёр эканликларини билдириб, маданий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга ўзаро интилишларини тасдиқлади.
Расмий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков Грузиянинг машҳур “Эрисиони” давлат академик халқ қўшиқ ва рақс ансамбли фаолияти билан ҳам танишди. Вазир ансамблнинг ижодий салоҳияти, миллий санъат анъаналарини асраб-авайлаш борасидаги тажрибаси ҳамда халқаро майдондаги фаолияти юзасидан маълумотлар олди.
Айтиш керакки, “Эрисиони” давлат академик халқ қўшиқ ва рақс ансамбли 1885 йилда ташкил этилган бўлиб, Грузиянинг энг нуфузли миллий ижодий жамоаларидан бири ҳисобланади. Ансамбл ўзига хос хореографияси, кўп овозли миллий қўшиқчилик анъаналари ва бой миллий либослари билан жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида юксак эътирофга сазовор бўлган.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири