Ўзбекистон ва Гонконг инвестиция, финтех ва арбитраж соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва Гонконг ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда ҳуқуқий соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Гонконг Адлия департаменти раҳбари — Адлия котиби Пол Лам бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги, Тошкент халқаро арбитраж маркази (TIAC), мамлакатнинг етакчи адвокатлик фирмалари, шунингдек, Гонконг савдо-саноат палатаси, Бутунжаҳон Гонконг бизнес ассоциациялари федерацияси, ҳуқуқий, молиявий ва бизнес соҳаларида фаолият юритувчи ташкилотлар ҳамда халқаро юридик фирмалар вакиллари иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Гонконг ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мулоқотнинг муҳим йўналишларидан бири халқаро арбитраж ва тижорат низоларини самарали ҳал этиш механизмларини ривожлантириш бўлди.

Тошкент халқаро арбитраж маркази (TIAC) директори Диана Байзакованинг таъкидлашича, марказ 2023 йилдан буён Гонконг халқаро арбитраж маркази (HKIAC) билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Икки марказ томонидан ишлаб чиқилган трансинституционал (cross-institutional) арбитраж регламенти халқаро амалиётда эътироф этилган механизмлардан бири ҳисобланади. Унинг амалиётда қўлланилаётгани Ўзбекистон ва Гонконг бизнес вакиллари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган тижорат низоларини замонавий халқаро стандартлар асосида ҳал этиш имкониятларини кенгайтиради.

Бу, ўз навбатида, хорижий инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш, бизнес муҳитида ишончни ошириш ва инвестициявий лойиҳаларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Учрашувда Гонконгнинг етакчи юридик фирмалари ва Ўзбекистон адвокатлик тузилмалари ўртасида профессионал алоқаларни ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ҳамда қўшма корхоналар ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, молия ва банк хизматлари, инвестициялар, финтех, рақамли иқтисодиёт, ҳуқуқий хизматлар ва халқаро арбитраж каби истиқболли йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Айниқса, Гонконгнинг халқаро молия маркази сифатидаги салоҳияти Ўзбекистон учун инвестицияларни жалб қилиш, молиявий технологияларни ривожлантириш ва халқаро бизнес ҳамкорликни кенгайтириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда халқаро инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда нафақат молиявий ресурслар, балки ишончли ҳуқуқий механизмлар, шаффоф бизнес муҳити ва самарали низоларни ҳал этиш тизими ҳам муҳим омил ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Гонконг ҳуқуқий ҳамда бизнес институтлари ўртасидаги ҳамкорликнинг кенгайиши икки томонлама иқтисодий алоқалар учун янги имкониятлар яратиши мумкин.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, бизнес субъектлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистон–Гонконг савдо-иқтисодий муносабатларини янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА