Ўзбекистон ва Германия сифат инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кенгайтиради
Миллий сифат инфратузилмасини такомиллаштириш, маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш ва техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини халқаро талабларга мувофиқлаштириш мамлакат саноатининг рақобатбардошлигини оширишда муҳим ҳисобланади. Бу борада Германия билан техник ҳамкорликни ривожлантириш, илғор тажрибани ўрганиш ва соҳа мутахассисларининг салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директорининг ўринбосари Тимур Машанпин Германиянинг “Миллий сифат инфратузилмасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси координатори Надине Татге билан учрашув ўтказди.
Учрашув аввалида Ўзбекистон ва Германия ҳукуматлари ўртасида 2026–2027 йилларга мўлжалланган молиявий ва техник ҳамкорлик масалалари бўйича навбатдаги ҳукуматлараро музокараларнинг муваффақиятли ўтказилгани қайд этилди, дейилади Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги маълумотида.
Мулоқот давомида стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш йўналишларида амалга ошириладиган вазифалар ҳамда чора-тадбирлар режаси муҳокама қилинди. Шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги таклифларни ишлаб чиқиш, ходимлар малакасини ошириш ва маҳаллий саноат корхоналари билан ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилди.
Сифат инфратузилмасининг халқаро талабларга мослиги маҳсулотларнинг хавфсизлигини таъминлаш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш учун муҳим омил ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, учрашувда миллий қонунчилик, техник жиҳатдан тартибга солиш, мувофиқликни баҳолаш механизмлари ва стандартлаштиришга оид норматив ҳужжатларни Жаҳон савдо ташкилоти талабларига уйғунлаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда “Маҳсулот хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, шунингдек, бу борадаги ишларни самарали мувофиқлаштириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистонда Жаҳон сифат ҳафталигини юқори савияда ташкил этиш, миллий сифат инфратузилмасини янада ривожлантириш ва икки мамлакат ўртасидаги техник ҳамкорликни самарали давом эттириш масалаларида келишиб олдилар.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА