Ўзбекистон ва Франция қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтирмоқда
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Франция-Ўзбекистон Ишбилармонлар кенгаши раиси Клод Имовен бошчилигидаги ишбилармонлар делегацияси билан учрашув ўтказди.
Музокараларда икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар самарадорлигини ошириш, янги инвестициявий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда устувор соҳаларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, инновацион ечимлар ва илғор технологияларни ҳамкорликда жорий этиш юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, энергетика, тоғ-кон саноати ва сув ресурсларини бошқариш соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Бу жараёнларга сунъий интеллект технологияларини кенг жалб этиш ҳам устувор йўналишлардан бири сифатида қайд этилди.
Томонлар кейинги йилларда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги кўп қиррали шериклик изчил ривожланаётганини, давлат раҳбарлари даражасидаги мунтазам мулоқот савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Учрашув якунида устувор йўналишларда янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, ишбилармонлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро мулоқотни мунтазам давом эттиришга келишиб олинди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА