Ўзбекистон ва Финляндия эксперт доиралари ўртасидаги алоқалар кенгаймоқда
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг устувор йўналишлари бугун жаҳон ҳамжамияти эътибор марказида.
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Финляндиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мария Огрен билан учрашув ўтказди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин, Мария Огрен Финляндиянинг Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб, дипломатик фаолиятини Хелсинкидан олиб боради. Дипломат аввал Финляндия ташқи сиёсатини стратегик режалаштириш йўналишида фаолият юритган, шунингдек, қатор хорижий давлатларда 20 йилдан ортиқ давр мобайнида дипломатик тажриба орттирган.
Мулоқотда Ўзбекистон – Финляндия экспертлик ҳамкорлигини ривожлантириш, шунингдек, икки мамлакат таҳлилий марказлари ўртасида ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Элдор Туляков Марказнинг 2017 йилдан буён мамлакатдаги стратегик ислоҳотлар ижросини тизимли мониторинг қилиб келаётгани ҳақида маълумот берди. Хусусан, ҳудудларда жамоатчилик фикрини ўрганиш, аҳоли томонидан кўтарилаётган долзарб масалаларни таҳлил қилиш ҳамда ислоҳотлар самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф ва ташаббусларни ишлаб чиқиш Марказ фаолиятининг муҳим йўналишлари экани қайд этилди.
Шунингдек, давлат органлари, фуқаролик жамияти, миллий ва хорижий экспертлар ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш, илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва уни Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнига татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Мария Огрен Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар суръатини юқори баҳолаб, мамлакатдаги иқтисодий ўзгаришлар ва уларнинг натижалари яққол кўзга ташланаётганини қайд этди. Дипломат жадал ўзгаришлар шароитида давлат ва жамият ўртасидаги самарали мулоқот, фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш ҳамда жамоатчиликни ислоҳотлар жараёнига кенг жалб этиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Элчи “Тараққиёт стратегияси” марказининг давлат, жамият, экспертлар ҳамжамияти, оммавий ахборот воситалари ва халқаро ҳамкорлар ўртасидаги мулоқотни таъминлашдаги ролига юқори баҳо берди.
Учрашувда Финляндиянинг давлат бошқаруви, маҳаллий вакиллик органлари фаолияти, рақамлаштириш, сув ресурсларини бошқариш, экология ва иқлим ўзгариши соҳаларидаги тажрибасини ўрганиш имкониятлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Хусусан, аввалги йилларда Ўзбекистон делегациясининг қатор ривожланган давлатлар, жумладан, Финляндияга ташрифи давомида ўрганилган хорижий тажриба маҳаллий Кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифларни шакллантиришда амалий аҳамият касб этгани қайд этилди.
Мария Огрен Марказ билан аниқ йўналишларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди. У Финляндиянинг тегишли ташкилотлари, экспертлари ва таҳлилий марказлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйишга кўмаклашишини билдирди. Шунингдек, Финляндия сиёсий ва эксперт доиралари вакилларининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифлари доирасида Марказ билан қўшма учрашув ва тадбирлар ташкил этиш имкониятлари қайд этилди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Финляндия эксперт-таҳлилий доиралари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтириш ҳамда манфаатли йўналишларда қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА