Ўзбекистон ва Буюк Британия: сиёсий мулоқот барқарор ривожланиб, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Буюк Британия Парламентидаги Марказий Осиё мамлакатлари бўйича умумпартиявий парламент гуруҳи раиси Памела Кокс бошчилигидаги делегация билан онлайн шаклда учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Парламентлараро мулоқотни изчил ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, таълим, илм-фан ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар таъкидлаганидек, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги сиёсий мулоқот барқарор ва изчил ривожланиб, ўзаро ҳамкорлик сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилмоқда.
2024 йил апрель ойида имзоланган Кенг қамровли шериклик тўғрисидаги декларация, шунингдек, ташқи сиёсат идоралари ва ҳукуматлар даражасидаги фаол алоқалар икки томонлама муносабатларга тизимли ва узоқ муддатли мазмун бағишламоқда.

Суҳбат давомида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, “яшил” иқтисодиёт, муҳим минераллар, рақамли технологиялар, молиявий хизматлар ва қишлоқ хўжалиги каби устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва уни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Н.Абдураимова, ЎзА