Ўзбекистон ва АҚШ рақамли ҳамкорликнинг янги босқичини муҳокама қилди
АҚШ Савдо вазирининг ёрдамчиси Дэвид Фогель бошчилигидаги делегация Рақамли технологиялар вазирлигига ташриф буюрди.
Ташриф доирасида меҳмонларга мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, IT хизматлари экспортини кенгайтириш ҳамда халқаро технологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди.
Дастлаб делегация аъзоларига IT Park Uzbekistan фаолияти, резидентлар учун яратилган имкониятлар, IT хизматлари экспорти кўрсаткичлари, хорижий компанияларни жалб этиш бўйича амалга оширилаётган дастурлар ҳамда мамлакатимизни минтақавий технологик хабга айлантиришга қаратилган ташаббуслар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг меҳмонлар UZINFOCOM фаолияти билан танишди. Уларга давлат ахборот тизимлари, булутли технологиялар, сунъий интеллект ечимлари, рақамли хизматлар ва мамлакатда шакллантирилаётган рақамли инфратузилма бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди.
Ташриф доирасида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда Дэвид Фогель ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар давомида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, IT хизматлари экспортини ошириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда АҚШнинг етакчи IT компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, мамлакатда замонавий дата-марказлар инфратузилмасини ривожлантириш, халқаро стандартларга жавоб берадиган йирик ҳисоблаш қувватларини яратиш, булутли технологиялар хизматларини кенгайтириш ва ушбу соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ҳам учрашувнинг муҳим мавзуларидан бири бўлди. Томонлар кибертаҳдидларга қарши курашиш, соҳа мутахассислари салоҳиятини ошириш, таълим ва малака ошириш дастурларини ривожлантириш, шунингдек, АҚШнинг етакчи компаниялари ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув якунида томонлар рақамли трансформация, сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва дата-марказлар инфратузилмасини ривожлантириш соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича мулоқотларни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА