Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларида янги босқич
Кейинги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатда туб ўзгаришларни амалга оширди. Мамлакатнинг халқаро майдондаги фаолияти, минтақавий ва глобал масалаларга дахлдорлиги, халқаро ташкилотлардаги нуфузи сезиларли даражада ошди.
Бу жараёнда Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари алоҳида аҳамиятга эга. Агар тарихий нуқтаи назардан қараладиган бўлса, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик турли босқичларни бошидан кечирди, аммо бугунги кунда ҳамкорликнинг янги даври бошланди, десак муболаға бўлмайди.
Бундай юксалиш аввало Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббускор ва конструктив ташқи сиёсати, ислоҳотларга асосланган ички сиёсий фаолиятини изчил олиб бориши билан боғлиқ. Президентнинг очиқликка асосланган стратегияси нафақат Ўзбекистон ичида, балки халқаро майдонда ҳам катта қизиқиш ва қўллаб-қувватлашга сабаб бўлди. АҚШ бу жараёнларни қўллаб-қувватлаб келаётган ҳамкорлардан бири сифатида Ўзбекистон билан барча соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга интилаётгани яққол кўриниб турибди.
Бу йил Нью-Йорк шаҳрида БМТнинг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган юбилей саммитида Шавкат Мирзиёев иштирок этиши нафақат БМТ доирасидаги фаоллик, балки икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш имконияти сифатида ҳам катта аҳамият касб этмоқда.
Давлат раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясидаги чиқиши дунё ҳамжамиятига Ўзбекистоннинг халқаро кун тартибидаги асосий масалаларга муносабатини яна бир бор намоён этади.
Бироқ ташрифнинг аҳамияти фақат нутқ билан чегараланмайди. Президентнинг саммит доирасидаги икки томонлама учрашувлари ва стратегик келишувлари Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларида янги саҳифа очди.
Ўзбекистон раҳбарининг “Boeing Global” компанияси президенти Брендан Нельсон билан учрашуви тарихий аҳамият касб этди. Чунки имзоланган келишув – 22 та “Boeing 787 Dreamliner” самолётини харид қилиш катта келишув. Ўзбекистон авиация соҳаси учун улкан қадамдир. Битимнинг умумий қиймати 8 миллиард долларга тенг.
Бу нафақат “Uzbekistan Airways” флотини замонавийлаштириш, балки мамлакатнинг транспорт логистикасида глобал интеграцияга хизмат қилади. 14 та самолёт бўйича қатъий шартнома ва яна 8 та ҳаво кемаси бўйича опцион эса узоқ муддатли ҳамкорликка замин яратади. Биринчи етказиб бериш 2031 йилда бошланиши режалаштирилган.
Президент Дональд Трампнинг бу келишувга ижобий муносабат билдириши ва Шавкат Мирзиёевни самимий табриклаши икки давлат ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий ишончнинг кучайиб бораётганини кўрсатади.
Президентнинг Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) раҳбари Кристалина Георгиева билан учрашуви ҳам катта аҳамиятга эга. Георгиева Ўзбекистондаги ислоҳотларни орқага қайтмас жараён сифатида баҳолаб, Жамғарма томонидан қатъий қўллаб-қувватланишини таъкидлади.
ХВЖ билан ҳамкорлик доирасида макроиқтисодий барқарорлик, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, бюджет тизимини ислоҳ қилиш каби муҳим соҳаларда амалий натижаларга эришилмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг молиявий салоҳиятини мустаҳкамлайди ва инвесторлар учун янада ишончли муҳит яратади.
Ташриф давомида АҚШнинг қатор йирик компаниялари ва илмий марказлари билан учрашувлар ўтказилди. Жумладан, «Traxys» – геология-қидирув ва конларни ўзлаштириш соҳасида 1 миллиард долларлик лойиҳалар портфели шакллантирилди. Минерал ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлашда илғор технологиялар жорий этиш бўйича «йўл харитаси» қабул қилинди.
«FLSmidth», «McKinsey», «Go Green Partners» ва бошқа компаниялар билан стратегик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Бу компанияларнинг умумий капиталлашуви 20 миллиард доллардан зиёд эканлиги, Ўзбекистон иқтисодиёти учун катта имкониятлар эшигини очмоқда.
Шунингдек, Президент «Blackrock» компаниясининг катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлесини қабул қилди. Жаҳон молия бозорида 11 триллион доллар активга эга ушбу компания билан энергетика, транспорт ва сув инфратузилмаси соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи чоғида Жаҳон банки президенти Ажай Банга, «Citigroup» раиси Жон Дуган, «Franklin Templeton» раҳбари Женни Жонсон, «BNY» тижорат директори Катинка Вальстром, «Jefferies» компанияси раҳбари Брайан Фридман каби нуфузли молиявий ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ҳам бўлиб ўтди.
Бу мулоқотлар АҚШ молия бозорлари ва йирик инвестиция корпорациялари Ўзбекистон иқтисодиётига жиддий қизиқиш билдиришини кўрсатди. Аниқ йўналишларда келишувлар ва қўшма ишчи гуруҳлар ташкил этилиши мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришга хизмат қилади.
Давлат раҳбарининг Нью-Йоркка ташрифи Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари тарихида яна бир бурилиш нуқтаси бўлди.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА