Ўзбекистон ва АҚШ: ишончли ҳамкорликнинг янги имкониятлари
Муносабат

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида асосий устувор йўналишлардан бири бу халқаро шериклар билан ишончли ҳамкорликни ривожлантиришдир. Хусусан, АҚШ билан муносабатлар ушбу йўналишда алоҳида аҳамият касб этади. Сўнгги беш йил давомида икки давлат раҳбарлари мунтазам мулоқотда бўлиб, икки томонлама ва минтақавий лойиҳаларни амалга оширишда яқин ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Иқтисодий соҳада ҳамкорлик кундан-кунга кенгайиб, икки томонлама савдо ҳажми 1 миллиард доллардан ошди, АҚШнинг 340 га яқин компанияси Ўзбекистон бозорида фаолият юритмоқда. Қолаверса, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, ахборот технологиялари ва юқори технологияли саноат соҳаларида қўшма лойиҳалар самарали амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, сиёсий ва дипломатик ҳамкорлик ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Мамлакатлар минтақавий хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари ва барқарор тараққиёт масалаларида фикр алмашиб, Тошкент ва Вашингтонда амалий мулоқот ва саммитлар ўтказмоқда.
Жумладан, 2026 йил 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди. Бу ташриф нафақат икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, минтақавий тинчлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
АҚШ, Озарбайжон, Қозоғистон, Баҳрайн, Индонезия, Аргентина, Парагвай, Руминия, Миср, Қатар, Покистон, Венгрия, Албания, Арманистон, Вьетнам, Камбоджа, БАА, Туркия, Кувайт, Саудия Арабистони, Исроил ва Марокаш каби давлатлар делегациялари иштирок этган саммитда Ўзбекистон етакчиси Ғазо секторида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, инсонпарварлик ва гуманитар ёрдам кўрсатиш масалаларида барча иштирокчи давлатларнинг ҳамкорлиги муҳим эканини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон турар жойлар, болалар боғчалари, мактаб ва касалхоналар барпо этиш орқали амалий ҳисса қўшишга ҳам тайёр эканлигини билдирди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Вашингтонга ташрифнинг яна бир муҳим жиҳати ишбилармонлик тадбирларининг бўлиб ўтганлигидир. Хусусан, давлатимиз раҳбари АҚШ савдо вазири Ховард Латник, Эксимбанк президенти Жон Йованович ва Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси бош ижрочи директори Бэн Блэклар билан учрашувлар ўтказди.
Мулоқотлар давомида Ўзбекистон ва АҚШ стратегик шериклиги ва устувор лойиҳаларни илгари суриш, савдо ҳажмини ошириш ва қўшма инвестиция платформасини йўлга қўйиш ҳамда энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, ахборот технологиялари, минерал ва юқори технологияли ускуналар етказиб бериш соҳаларида ҳамкорликка оид бир қатор келишувларга эришилди.
Шу боис, юқорида таъкидлаганимдек, ушбу ташриф ҳалқаро майдонда Ўзбекистоннинг тинчликпарвар ва барқарорликка йўналган сиёсий имижини мустаҳкамлади. Стратегик шериклар билан ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш, иқтисодий тараққиёт, янги инвестициялар ва иш ўринлари яратиш учун замин яратди.
Ҳамкорлик доирасидаги иқтисодий ва инвестициявий лойиҳалар орқали аҳоли фаровонлигини ошириш, технологиялар ва юқори малакали кадрлар алмашишни ривожлантириш ҳамда маҳаллий бозорда рақобат ва инвестиция муҳитини яхшилаш имконияти кенгаймоқда.
Шу билан бирга, етакчилар ўртасидаги дўстона мулоқот “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган АҚШ ва Америка қитъаси давлатлари билан ҳамкорлик алоқаларини изчил ривожлантириш ва мазмунан бойитиб бориш каби вазифаларга ҳамоҳанг эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Умуман олганда, Ўзбекистон Президентининг АҚШга ташрифи, Тинчлик кенгаши йиғилишидаги иштироки Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги босқичини белгилайди ва минтақавий тинчлик, барқарор тараққиёт ҳамда инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА