Ўзбекистон ва Афғонистон фармацевтика ҳамкорлигини кенгайтирмоқда
Пойтахтимизда Афғонистоннинг озиқ-овқат, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларидаги етакчи импортёр ҳамда ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.
Ушбу қўшни давлатнинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдул Ғаффор Теравий иқтисодий ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, савдо ҳажми, транспорт-логистика йўлаклари ва маданий алоқани ривожлантириш муҳим эканини таъкидлади. Қайд этилишича, тарихий яқинлик ва ўзаро ишонч янги қўшма лойиҳалар учун мустаҳкам асос яратган. Элчихона эса, жумладан, фармацевтика соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш учун ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр.
[gallery-30485]
Хусусан, Афғонистон Озиқ-овқат ва дори-дармон идораси раиси Ҳамдулла Зоҳид мамлакат фармацевтика тизими сўнгги йилларда сезиларли ривожланганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бир неча йил аввал Афғонистонда бор-йўғи 12 фармацевтика корхонаси фаолият юритган. Ҳозир бу рақам 120 га етган. Эндиликда айни йўналишни юртимиз тажрибаси асосида янада такомиллаштириш мақсад қилинган.
Форумда фармацевтика маҳсулотлари савдоси, қўшма ишлаб чиқариш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида шерикликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Дилшод Ҳакимов, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА