Ўзбекистон U-16 терма жамоаси турнирни ғалаба билан бошлади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон миллий футбол марказида “CAFA U-17 Championship – 2026” турнирига старт берилди.
Айдер Курбаев бошчилигидаги Ўзбекистон U-16 терма жамоаси мазкур мусобақа доирасидаги илк учрашувини Қирғиз Республикаси терма жамоасига қарши ўтказди. Марказий Осиё футбол ассоциацияси томонидан ташкил этилган мазкур турнир ёш футболчиларнинг халқаро тажрибасини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-28619]
Ёмғирли об-ҳаво шароитида кечган баҳс кескин ва муросасиз руҳда ўтди. Учрашув давомида жамоамиз футболчилари фаол ва ташаббускор ўйин намойиш этиб, рақиб дарвозасига икки бор йўл топди. Натижада учрашув 2:1 ҳисобида Ўзбекистон терма жамоаси фойдасига ҳал бўлди.
Қайд этиш жоиз, мусобақа ёшлар ўртасида футболни янада оммалаштириш, иқтидорли ўйинчиларни саралаб олиш ва уларнинг маҳоратини оширишга хизмат қилади.
Терма жамоамиз навбатдаги учрашувини 9 апрель куни Афғонистон терма жамоасига қарши ўтказади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА