Ўзбекистон-Туркия: радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилди
Халқаро атом энергияси агентлигининг (XAЭA) 70-Бош конференцияси доирасида радиация ва ядро хавфсизлиги йўналишида Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган муҳим келишувга эришилди.
Хусусан, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ҳузуридаги Радиация ва ядро хавфсизлиги илмий-техник маркази ҳамда Туркиянинг NÜTED (Nuclear Technical Support Joint Stock Company) ташкилоти ўртасида ахборот алмашинуви ва ўзаро ҳамкорликни назарда тутувчи ҳужжат имзоланди.
Келишув доирасида икки томоннинг илмий-техник салоҳиятидан самарали фойдаланиш, соҳада тўпланган тажриба ва илмий билимларни ўзаро алмашиш ҳамда замонавий ёндашувларни амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, қўшма илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, техник экспертиза имкониятларини кенгайтириш ва таҳлилий салоҳиятни ошириш режалаштирилган. Мутахассисларнинг малакасини юксалтириш мақсадида ўқувлар, семинарлар ва бошқа касбий ривожланиш тадбирларини ташкил этиш ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан биридир.
Қўмита ахборот хизматининг хабар беришича, томонлар ўзаро манфаатли йўналишларда қўшма лойиҳа ва тадбирларни амалга ошириш асосида радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасидаги илмий-техник ҳамкорликни янада кенгайтиришни мақсад қилган.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА