Ўзбекистон – Туркия дўстлик кўприги: илмий-маърифий ҳамкорликнинг янги уфқлари
Туркиянинг Хатай вилоятида «Бир илдиз, бир маърифат: Ўзбекистон – Туркия дўстлик кўприги» халқаро форуми ўз ишини бошлади.
Жорий йилнинг 4–10 октябрь кунлари Туркиянинг Хатай, Анқара ва Истанбул шаҳарларида Ўзбекистон ва Туркия олимлари, зиёлилари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида қатор илмий-маърифий ва маданий тадбирлар ўтказилмоқда.
Форум Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ҳамда Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ҳамкорлигида ташкил этилган.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад тарих, тил, маданият ва муштарак маънавий қадриятлар билан узвий боғланган икки қардош халқ ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, илмий-маърифий ва маданий ҳамкорликни кенгайтириш, олимлар ва зиёлилар ўртасида тажриба алмашинувини ривожлантиришдан иборат.
Форумнинг дастлабки тадбирлари Хатай вилоятидаги Мустафо Камол университетида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Туркия олимлари ҳамда зиёлилари иштирокида икки халқни бирлаштириб турувчи тарихий илдизлар, муштарак маънавий мерос, тил ва анъаналар, шунингдек, замонавий илмий-маданий ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги имкониятлари муҳокама қилинди.

Мулоқотлар давомида икки мамлакат ўртасида таълим, илм-фан, маданият ва маънавият соҳаларидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва илмий алоқаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Форум доирасида Хатай Мустафо Камол университети ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ва «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжатга Хатай Мустафо Камол университети ректори, профессор доктор Вейсел Эрен ҳамда «Маърифат» тарғиботчилар жамияти раиси, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Бахтиёр Ҳусанов имзо қўйди.
Ташриф дастури доирасида Хатай вилоятида Ўзбекистон ва Туркия халқларининг тарихий-маданий муштараклигини кенг тарғиб этишга қаратилган маданий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказилмоқда.

Форум дастуридан, шунингдек, Анқара Ижтимоий фанлар университети, Туркия Ёзувчилар уюшмаси ва Истанбул Маданият университетида учрашувлар, қатор китоблар тақдимоти ҳамда ҳамкорлик меморандумларини имзолаш маросимлари ўрин олган.
Жумладан, туркиялик олим ва жамоат арбоби Кемал Явуз Атаманнинг «Мен танигaн Ўзбекистон» китоби тақдимоти тадбирнинг муҳим воқеаларидан бири бўлади. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўзбек ва турк тилларида нашр этилган мазкур асарда мамлакатимизнинг тарихи, бугунги тараққиёти, халқимизнинг бой маданий-маънавий мероси ҳамда муаллифнинг Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлари акс этган.
Лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини Туркияда истиқомат қилаётган ватандошлар билан биргаликда кенг нишонлашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилмоқда. Уларда Ватан мустақиллиги, миллий тараққиёт, тарихий хотира ва хориждаги ватандошларнинг Ўзбекистон билан маънавий алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилади.

Тадбирлар доирасида «Меҳр қанотида» ижтимоий лойиҳаси бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, «Бир дастурхон — икки қардош халқ» лойиҳаси доирасида маданий-маърифий дастурларни амалга ошириш ҳам кўзда тутилган.
Н.Усмонова, ЎзА